Юқори синфларда ўқитиладиган фанлар сони 16 дан 11 тагача қисқартирилади

Фото: Freepik

Юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқаради. Бунда, 10-11 синф ўқувчиларига “кимё – биология”, “математика – физика”, “математика – чет тили”, “она тили ва адабиёт – чет тили” фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитилади. Бу ҳақда мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум бўлди.

«Энг муҳими, ўқув дастурларига қўшимча янги фанларни киритиш тақиқланади. Энди барча янги таклифлар мавжуд фанларга интеграция қилиниб тайёрланади», – дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

Таълим сифатини ошириш мақсадида республика бўйича 500 та мактабда Президент мактаби ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури ҳамда баҳолаш тизими жорий этилади. Бир йилда уларнинг иши баҳоланиб, янги тизимни самарали қўллаган ўқитувчиларга 40 фоизгача устама берилади. Келгуси беш йилда ушбу тизим барча мактабларда жорий қилинади.

Касб-ҳунар эгалаш истагидаги ўқувчиларга эса, мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиш имконияти яратилади. Келгуси ўқув йилидан камида 1 мингта мактаб шу тизимга ўтказилади.

Дарсларнинг мазмуни ҳам ўзгаради. 1-синфдан компьютер саводхонлиги, юқори синфларда молиявий саводхонлик дарслари жорий этилади.

Педагогларнинг малакаси

Ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизими тўлиқ ўзгартирилади. Жумладан, ўқитувчиликка қабул қилиш танлов асосида бўлади. Илк бор келган номзодларга 1 йил ўқитувчи-стажёр бўлиб ишлаш ва йил якуни билан касбий сертификат олиш талаби қўйилади. Кейинчалик бу тизим барча ўқитувчилар учун босқичма-босқич жорий қилинади.

Ўқитувчилар малакаси ҳам табақалашган ҳолда оширилади. Яъни, малака оширишдан олдин ўқитувчининг билими “диагностикадан ўтказилади” ва натижасига кўра индивидуал касбий ривожланиш йўналишлари белгиланади. Паст натижа олганлар бўйича ўзи ўқиган олийгоҳга рекламация юборилади. Яъни, бу педагогик олийгоҳлар фаолиятига учун ҳам баҳо бўлади.

Муаллимларга малака тоифасини бериш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда педагогнинг билими дастлабки имтиҳонда баҳоланиб, 70 фоиздан кўп балл тўплаганлар иккинчи босқичга ўтади. Иккинчи босқичда илғор педагогик технологияларни қўллаши, ўқувчилар билан ишлаш методикаси ва баҳолашдаги ёндашувлари текширилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ушбу тажрибани ўқитувчиларнинг билим даражаси паст бўлган 20 та туманда синовдан ўтказиш вазифаси қўйилди.

Педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларини алоҳида ёндашув асосида ривожлантириш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, Тошкент ва Чирчиқдаги Педагогика университетларида мутахассислар Президент мактаби дастури асосида тайёрланади. Бу муассасалар педагогика йўналишидаги институтлар учун “таянч олийгоҳ” бўлади.

Кадрлар танқислиги ва мактаблар қурилиши

Келгуси ўқув йилидан кадрлар етишмайдиган, оғир мактаблар олдиндан танланиб, улар учун мақсадли давлат буюртмаси жорий қилинади.

Келгуси йилда Инвестиция дастури доирасида мактаб қурилишига 3 триллион сўм ажратилиши назарда тутилган. Бунинг ҳисобига 150 минг янги ўқувчи ўрни яратилади.

Кам қувватда ишлаётган 61 та коллеж биносида мактаблар ташкил қилинади. Хусусий шериклик асосида 50 та мактаб қурилади.

Хусусий секторга қўшимча шароитлар яратиш орқали йилига камида 25 минг ўқувчи ўрни очилади. Бунинг учун, тадбиркорларга хусусий мактаб ташкил қилиш учун кредитнинг 7 фоиз қисми бюджетдан қоплаб берилади. Янги мактаб қуриш учун ер майдонлари мақсадли аукционга чиқарилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.