Юк машинасига яширилган салкам 70 кг наркотик моддалар фош бўлди
Ҳужжатларда бўш деб кўрсатилган юк машинасига салкам 70 кг наркотик моддалар яширилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.
Вилояти божхона бошқармасининг “Сариосиё” чегара божхона постида республикамизга кириб келган юк автотранспорт воситаси инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилганда ҳужжатларда кўрсатилгани каби “бўш” эмаслиги аниқланди.
“Божхона ходимлари ва Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда автотранспорт воситасида чуқурлаштирилган божхона кўригидан ўтказилганида, унинг кабинасидаги кўз илғамас бўшлиқларга 66 та ўрамлар яширилганлиги фош бўлди”, – дейилади хабарда.
Мазкур ўрамлар очиб кўрилганда эса, уларнинг 30 тасида 31,9 кг. оғирликда “героин”, 36 тасида эса 37,3 кг. оғирликдаги “гашиш” гиёхвандлик воситаси жойлангани маълум бўлди.
Шундай қилиб, мазкур ҳолатда жами ушланиб қолинган гиёхвандлик воситаларининг оғирлиги ўрами билан ҳисоблаганда 69,2 кг ни ташкил қилмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Шарҳлар