Bo'limsiz

“Юксалиш” ҳаракати раҳбари чорраҳалардаги «тузоқлар» учун жарималарни бекор қилишга чақирди

Скрин из видео

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов сўнгги ҳафталарда тадбиркорлар томонидан ўрнатилган камералар аниқлаган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳақидаги қайдномаларни текширишга чақирди. Асоссиз чиқарилган барча жарималар бекор қилиниши керак, дейди у. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабар беряпти.

«Шу кунларда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган йўл қоидабузарликларини қайд этувчи камералардаги камчиликлар ҳамда ноинсоф тадбиркорлик фаолияти ҳақидаги гумонлар жамоатчиликни ташвишлантирмоқда. Шу муносабат билан, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини тезкорлик билан қуйидаги чораларни кўришга чақирамиз», – дейилади хабарда.

Биринчидан, мазкур тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган барча субъектларнинг сўнгги ҳафталардаги қайдномаларини тафтиш қилиш ва ҳуқуқий баҳо бериш чораларини кўриш;

иккинчидан, тафтиш натижасида ноинсоф тадбиркорлик йўли билан ундирилган жарималар аниқланган тақдирда, уларни бекор қилиш ва ҳайдовчиларга тўловларни тадбиркорлар ҳисобидан қайтариш;

учинчидан, тадбиркорлик субъектларининг назорат-камералари орқали қайд қилинаётган жарималарни назорат тартибида доимий текшириш амалиётини жорий қилиш;

тўртинчидан, фуқароларнинг адолатсиз жарималар устидан шикоят қилишдаги оворагарчиликдан асраш мақсадида, қайдномаларга онлайн шикоят бериш имкониятини яратиш;

бешинчидан, барча локациялардаги радар ўрнатилганлиги тўғрисидаги белгилар ёнида чекланган тезликни акс эттирувчи белгиларни ўрнатишни мажбурий қилиш;

«Шунингдек, бу борадаги фаолият юзасидан жамоатчиликка мунтазам равишда ахборот бериб бориш амалиётини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», – дейди Бобур Бекмуродов.

Ўз ўрнида, пиёдалар ва йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, фуқароларимизни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраймиз.

«Ўзбекистон – инсон қадри улуғланадиган, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат» эканлиги ҳам қайд этилган хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.