«Юксалиш» ҳаракати ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини тасвирга олишни чеклаш бўйича янги норма ҳақида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ички ишлар органлари ходимларининг иш фаолиятига оид фото ва видеолавҳаларни «обрўсизлантириш мақсадида» интернет тармоғида эълон қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди.
Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида депутат Дониёр Ғаниев мазкур қоида Ўзбекистон президенти томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатига, «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» тамойилига зид эканини, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идораларида аҳоли ва юрт хавфсизлигини таъминловчи минглаб ватанпарвар ходимлар фаолият юритаётгани, бироқ улар орасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган ходимлар ҳам борлигини таъкидлади.
Жамоатчилик орасида ҳам бу норманинг жорий этилиши ваъда қилинган ошкоралик сиёсатига зиддлиги ва мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
«Юксалиш» ҳаракати ҳам жамоатчиликнинг ана шу хавотирларига қўшилди.
«Яъни бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ходимларини Интернет тармоғида асоссиз обрўсизлантириш ва ҳақоратлаш ҳолатлари жуда кўпайиб кетдими? Агар кўпайган бўлса аниқ рақамлар қанча? Сабаби нимада ва бу каби ҳолатлар тизимнинг соғлом ишлаши учун нечоғлик жиддий таъсир кўрсатмоқда? Албатта, бу саволларга жавоб берилиши лозим», — дейилади хабарда.
“Юксалиш” ҳаракатининг таъкидлашича, ушбу нормани асослаш учун фуқаролик кодексининг 99-моддаси ва “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 4 ва 28-моддалари асос сифатида келтирилган. Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2022-моддасига кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларида тарқатиш — БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
«Шундай экан, ҳуқуқ тартибот органлари ходимларига қаратилган алоҳида норма нима учун керак? Бугун давлат бошқарувида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари марказий ўринга қўйилмоқда. Мазкур ғоя янгиланган Конституциянинг бош мезони сифатида “инсон-жамият-давлат” тамойили кўринишида акс этган. Бунинг тескари бўлиши мумкин эмас», — дейди ташкилот.
Ҳаракатнинг фикрича, “бу босқичда сенаторлар жамоатчиликда юзага келган саволлар ва эътирозларга жиддий эътибор қаратиши керак”.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарининг таъкидлашича, ҳозирги вақтда қонунда ички ишлар органлари ходимларини кейинчалик обрўсига путур етказиш билан видеога олиш учун жавобгарлик назарда тутилган. У жиноий жавобгарликка тортиш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ваколатига киришини ҳисобга олиб, бундай қоидалар суиистеъмол қилиниши мумкинлиги ҳақидаги фикрни билдирди. Унинг фикрича, ушбу қоидани қайта кўриб чиқиш мантиқан тўғри бўлади.
Шарҳлар