«Юксалиш» ҳаракати Ўзбекистон байроғи рангларидаги тасмани таққан йигит билан боғлиқ вазият бўйича батафсил маълумот беришга чақирди
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов давлат органларини Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон байроғи рангидаги тасма таққан йигит қўлга олинган, аммо кейинроқ Бош прокуратура томонидан ёпилган иш юзасидан батафсил маълумот беришга чақирди.
Ҳаракат раиси ўзининг Telegram каналидаги постида ички ишлар органининг йигитни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги ноқонуний қарори бекор қилиниши билан адолат ўрнатилганини таъкидлади, деб ёзади «Газета» нашри.
«Бироқ фуқарога ноқонуний талаб қўйган, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ва жавобгарликка тортиш учун судга юборган ИИБ ходимлари ҳамда ноқонуний қарор қабул қилган суднинг ҳаракатларига қандай баҳо берилгани масаласи мавҳумлигича қолмоқда», — дейди Бобур Бекмуродов. «Бошқача айтганда, адолат қарор топди, бироқ қонун устуворлиги тўлақонли таъминландими?» — сўради у.
Ҳаракат раиси 8 май куни президент Шавкат Мирзиёев парламент палаталари, суд ва ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда партиялар иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шартлиги, бу қараш, айниқса, мансабдорлар учун ҳаёт қоидасига айланиши кераклиги ҳақида гапирганини эслатиб ўтди.
«Кенг жамоатчиликнинг ва „Юксалиш“ ҳаракати аъзоларининг мурожаатларига асосланиб, тегишли идоралар масала юзасидан батафсил ахборот бериши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», — деди Бобур Бекмуродов.
Шарҳлар