«Юксалиш»: Сўровда қатнашган давлат хизматчиларининг 57,3% иш вақтидан ташқари пайтда қўшимча ишларга жалб қилиниши маълум бўлди
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати давлат хизматида банд бўлган фуқароларнинг иш вақтига қанчалик риоя этилишини таҳлил қилиш мақсадида давлат хизматчилари орасида аноним сўров ўтказди.
Сўровномада жами 560 нафар давлат хизматчилари иштирок этиб, респондентларнинг 21,4%и вазирлик ва идоралар, 27%и маҳаллий ҳокимият органлари, 12,1%и ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва 39,5%и бошқа давлат ташкилотларида ишловчи ходимларни ташкил этди.
Респондентларининг 376 нафари (67,6%) эркаклар ва 180 нафари (32,4%) аёлларни ташкил этди. Сўровномада 385 нафар (69,2%) оддий мутахассис ходимлар, 172 нафар (30,8%) раҳбар ходимлар иштирок этди.
Ўрганиш давомида маълум бўлишича, респондентларнинг ярмидан кўпи, яъни 57,3 фоизи иш вақтидан ташқари ишга жалб этилади. Жумладан 36,8 фоизи ҳар куни қўшимча 1-2 соат, 13,9 фоизи ҳар куни кечки соат 22:00 га қадар, 6,6 фоизи кечки соат 24:00 га қадар ишлашини билдирдилар. Сўровномада 42,3 фоиз иштирокчилар Меҳнат қонунчилигига мос равишда ҳар куни белгиланган 8 соат ишлашини маълум қилди.
Меҳнат кодексининг 262-моддасида ходимга иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгилаб қўйилган. Маълум бўлишича, қўшимча ишлайдиганларнинг 13,3 фоизи иш берувчилар томонидан қўшимча иш учун камида икки баравар ҳақ тўлаб берилишини қайд этди. Улар асосан давлат бошқарув органларининг марказий идоралари вакилларига тўғри келади. Сўровнома иштирокчиларидан иш вақтидан ташқари қўшимча ишлайдиганларнинг 81,7 фоизига қўшимча ишлаган вақти учун иш берувчи томонидан қўшимча ҳақ тўлаб берилмайди.
Давлат хизмати ходимларининг иш вақтидан ташқари ишлашига нима сабаб бўлаётганлиги ҳақида табиий савол туғилади. Иш вақтидан ташқари қўшимча ишловчиларнинг 47,7 фоизи бунга иш ҳажмининг ортиб кетганлиги, 22,8 фоизи турли хилдаги ортиқча топшириқларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, 17,6 фоизи ўз вазифасидан ташқари ишларнинг юклатилиши ва мажлис ва йиғилишларнинг чўзилиб кетиши туфайли, 12 фоизи раҳбари кетмагунча иш жойидан кетмаслигини билдирди.
Шу ўринда, давлат хизматида қўшимча ишланишининг сабабларидан бири мажлис ва йиғилишларнинг кўплиги ҳамда мажлислар вақти чўзилиб кетиши омили алоҳида ўрганилди. Унга кўра, респондентларнинг 31,6 фоизи йиғилишларда иштирок этмайди, 41,3 фоизи бир хафтада 4 соатгача, 11,4 фоизи 5-7 соат, 15,8 фоизи 8 соатдан кўп вақтини мажлис ва йиғилишларга сарфлайди. Тадқиқотга кўра, ортиқча “мажлисбозлик” Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кузатилади.
Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати ходимлари асосан 5 кунлик иш хафтасида меҳнат қилади. Лекин шунга қарамасдан баъзида хафтанинг дам олиш кунлари (шанба ва якшанба) ходимларнинг иш жойида бўлиши, шунингдек, дам олинадиган байрам кунлари ҳам ишга чақириш ҳолатлари ҳам мавжуд. Бу борада сўровнома иштирокчиларининг 35,2 фоизи дам олиш кунлари ҳам ишга чиқиши, 29,5 фоизи баъзида ишга чиқиши ва 35,3 фоизи дам олиш кунларида ишга чиқмаслиги маълум бўлди.
Сўровнома иштирокчиларининг 299 нафари (53,4%) белгиланган муддатларда меҳнат таътилига чиқиб, тўлиқ дам олишини маълум қилди. Бироқ 26,2 фоиз респондентлар меҳнат таътилига тўлиқ чиқа олмаслиги, таътилдан чақириб олишлари ва 20,4 фоизи таътилга чиқиш ҳужжатлари расмийлаштирилиши, аммо умуман дам олмасдан ишлашини маълум қилди.
«Юқоридаги рақамлар бутун мамлакат ҳудудидаги ҳолатни тўлиқ акс эттиришга етарли бўлмасада, давлат хизматида меҳнат қонунчилигига риоя этмаслик ҳолатлари мавжудлигини тасдиқлайди», – қайд этади «Юксалиш».
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорликдаги тадқиқотига кўра, иш вақтидан ташқари иш инсон саломатлигига салбий оқибатларга эга эканлиги исботланган. 2016 йилда дунё бўйлаб ҳафтасига 55 соатдан кўп ишловчи 745 минг нафар одам инсульт ва юракнинг ишемик касаллигидан вафот этгани қайд этилган. Бу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 29 % га кўп ҳамда бу каби ўлим ҳолатларининг қарийб 72 фоизи эркаклар ҳиссасига тўғри келган.
Тадқиқот натижаларига кўра, ҳафтасига 55 соат ва ундан кўп ишлаш одамда инсульт билан касалланиш хавфини 35% га, юрак ишемик кассалиги билан хасталаниш хавфини 17% га ортишига сабаб бўлади деган хулосага келинган.
Мутахассисларнинг фикрича, ходимларнинг дам олишсиз ишлаши уларда стрессни келтириб чиқаради. Қолаверса, ишхонада кўп вақтини ўтказувчи инсонлар бола тарбиясига етарлича вақт ажрата олмаслиги ҳам салбий баҳоланади. Бунинг натижасида оиладаги барқарорликка путур етади. Бу каби омилларнинг жамият учун зарари ҳали баҳоланмаган бўлиб, бунинг салбий таъсири янада кенгроқ бўлиши ҳам мумкин.
ЖССТ ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳукуматларга иш вақтидан ташқари ишлашни тақиқлаш бўйича қатъий чоралар кўришни, иш берувчилар ва касаба уюшмаларига эса жамоавий битимларда иш ҳафтаси 55 соатдан ошмаслиги керак бўлган мослашувчан иш вақтини кўрсатишни тавсия қилади.
Бу борада ривожланган мамлакатларда ходимларнинг саломатлигини асраш, улар самарали меҳнат қилишда давом этишлари учун иш вақтидан ташқари ишлаш бир қатор қонунлар билан тартибга солинади, дея таъкидлайди «Юксалиш».
Мисол учун, Швецияда ходим бир ойда 50 соатдан ортиқ ёки календар йилида 200 соатдан ортиқ иш вақтидан ташқари ишлаши мумкин эмас. Бу борада Венгрияда иш юкламаси нисбатан кўпроқлигини кузатиш мумкин. Мамлакат қонунчилигига кўра, максимал қўшимча иш чегараси йиллик 250 соатни ташкил этади. Агар жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, бу 300 соатгача оширилиши мумкин. Ўзбекистонда Меҳнат кодексига мувофиқ иш вақтидан ташқари иш соатлари йилига 120 соатдан ошмаслиги лозим.
Шарҳлар