Bo'limsiz

«Юксалиш»: «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларининг учдан бир қисми қоидабузарликлар билан амалга оширилмоқда

Фото: Юксалиш

Ўрганишлар давомида 135 та объектдан 45 тасида «Ташаббусли бюджет” лойиҳалари амалга оширилишида аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган бир қанча ҳолатлар аниқланди.

Хусусан, 16 та объект бўйича ишлар сифатсиз амалга оширилган, 12 та лойиҳа бўйича ишлар якунига етмаган, 7 та объект бўйича ғолиб деб топилган лойиҳалар учун маблағ ажратилмаган ёки тўлиқ молиялаштирилмаган, 5 та объект бўйича ажратилган маблағлар мавжуд муаммоларни тўлиқ бартараф этишга етмаган, 3 та лойиҳада пудрат шартномаси тузилмаганлиги сабабли ишлар бошланмаган.

“Бундан ташқари, аҳоли аксарият ҳолларда таълим ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш билан боғлиқ лойиҳалар ғолиб деб топилаётгани, шу боис йўл, ичимлик суви, электр энергияси ва жойлардаги бошқа муаммолар ечимсиз қолаётганидан норози”, – дея таъкидлайди “Юксалиш”.

Сифатсиз қурилиш ва таъмирлаш ишлари

Шароф Рашидов тумани “Жиззах” МФЙ ҳудудида жойлашган 4-умумий ўрта таълим мактабида 209 дона (акфа) дераза ромлари, 43 дона эшик, 4 дона темир (алюмин) эшиклар ўрнатиш ҳамда ички ва ташқи деворларни пардозлаш ишларини олиб боришга 940 млн сўм ажратилган. Ўрнатилган эшикларнинг таг қисми ерга қадар тегиб турмаган ҳолда очиқ жойлар мавжуд бўлиб, қиш фаслида совуқ хаво кириб туради. Смета хужжатларида ўрнатилган алюмин эшикларнинг ойналари икки қаватли кўрсатилган бўлсада, бир қаватли ойналар ўрнатилган. Бинонинг ички ва ташқи деворларни пардозлаш ишлари сифатсиз бажарилган.

Термиз тумани “Уйчи қизил” МФЙда жойлашган мактабгача таълим ташкилотларининг моддий техника базасини яхшилаш учун 600 млн сўм ажратилган. Маблағга пиёла, ликопча, қошиқ, чойшаблар харид қилинган ва Термиз туманидаги 17-давлат мактабгача таълим ташкилотига эҳтиёжи доирасида бўлиб берилган. Харид қилинган ушбу буюмлар талаб даражасида эмас.

Муддатларга риоя қилинмаяпти

Қатор ҳолатларда олдиндан белгиланган муддатларга риоя қилинмаяпти. Хусусан, Андижон шаҳрида жойлашган 50-умумтаълим мактабида янги спорт залини қуриш учун 1 млрд сўм маблағ йўналтирилган. Бироқ қурилиш- таъмирлаш ишлари бир йил муддат ўтган бўлишига қарамасдан якунига етмаган. Бугунги кунда бор-йўғи 65 фоизи бажарилган.

Чуст тумани “Яккабулоқ” МФЙга Чуст туман Электр таъминоти корхонаси томонидан 9 дона 400 кWA трансформатор хамда 60 дона бетон таянчлар сотиб олиш ва ўрнатиш учун 600 млн сўм маблағ ажратилган. Лойиҳа доирасида 8 дона 400 KWA трансформатор ва 45 дона бетон таянчлар олиб келинган. 1 дона 400 кWA лик трансформатор ва 15 дона бетон таянч кам келтирилган.

Гулистон шаҳар 4-ТИП болалар спорт мажмуаси фасад қисми, томошабинлар жойи, ҳудудни ўраб турган деворларни таъмирлаш ишлари учун 200,0 млн сўм маблағ ажратилган. Бироқ тадбиркорнинг лойиҳаси экспертизадан ўтмаганлиги сабабли лойиҳани амалга ошириш чўзилиб кетган. Бугунги кунда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.

Гулистон шаҳри “Ниҳол” маҳалласи биносини қуриб ниҳоясига етказиш учун 250 млн сўм ажратилган. Маблағ тўлиқ ажратилган. Бироқ бинонинг ички қисмидаги таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган.

Молиялаштиришнинг ўз вақтида амалга оширилмаяпти

«Юксалиш» ҳаракати ташаббусли лойиҳалар бўйича пудрат шартномалари расмийлаштирилмаган ҳолатларни ҳам аниқлади. Хусусан, пудрат шартномаси тузилмаганлиги боис, Нурафшон шаҳар “Наврўз” МФЙда жойлашган тиббиёт бирлашмаси муассасасини канализация тизимини таъмирлаш (600,0 млн сўм) Бўстонлиқ тумани “Маърифат” МФЙда жойлашган 54-сонли умумтаълим мактабининг иситиш тизимини жорий таъмирлаш (150 млн сўм) Тошкент тумани “Чиғатой” МФЙ ички йўлларини асфальт қилиш (1 млрд 200 млн сўм) лойиҳалари амалга оширилмаган.

Баъзида ажратилган маблағлар мавжуд муаммоларни тўлиқ бартараф этишга етмаган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Мисол учун, Термиз тумани “Янгиер” МФЙда жойлашган  Оилавий шифокорлик пунктини таъмирлаш учун 990 млн сўм ажратилиши белгиланган. Бироқ маблағ етишмовчилиги боис лойиҳа тўлиқ амалга оширилмаган.

Қарши туманидаги Бешкент “Марказий” футбол ўйингоҳини капитал таъмирлаш учун 990 млн сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағ эвазига ўйингоҳ майдонидаги чим тўлиқ алмаштирилган, унинг дренаж ва суғориш тизими замонавий кўринишга келтирилган. Бироқ маблағ етишмовчилиги боис ўриндиқларни ўрнатиш ишлари ва стадион асосий биносини таъмирлаш ишлари тўлиқ амалга оширилмаган.

Юқоридаги муаммоларни ҳамда мониторинг давомида аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қуйидаги таклифлар илгари сурмоқда:

  • “Ташаббусли бюджет” жараёнида адолатни таъминлаш мақсадида, ижтимоий объектларни алоҳида, маҳалла инфратузилмасини алоҳида мавсумларга ажратиш;
  • Лойиҳани ўтказиш шартларига “1 киши 1 овоз” принципини қатъий белгилаш;
  • Ғолиб бўлган ташаббусларни лойиҳа смета ҳужжатларини жамоатчилик (ташаббускорлар) экспертизасидан ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш;
  • Лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, тендер эълон қилиш, шартнома тузиш ва ғолиб деб топилган ҳар бир объект бўйича фойдаланишга топшириш муддатларига риоя этилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш;
  • Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳисоб-китобларнинг тўғри ташкил этилишини таъминлаш, шунингдек зарур ҳолларда қўшимча молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш;
  • Объектда амалга оширилган ишлар якунланганда буюртмачи ташкилотдан ташқари объект раҳбарининг ва жамоатчилик вакилларининг қабул қилиш далолатномасига розилик имзосини киритиш.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.