2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиялари Самарқандда ўтказилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида ўтаётган йиғилишда “Мақом”, “Бахшичилик”, Ҳунармандчилик, “Лазги” каби халқаро фестивалларни ўтказиш йўлга қўйилди, 24 та хорижий мамлакатда “Ўзбекистон маданияти кунлари” юқори савияда ўтказилганлиги қайд этилди, деб ёзмоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Айниқса, Франция, Германия, Хитой, Саудия Арабистони каби давлатларда намойиш этилган миллий маданиятимизнинг ноёб намуналари дунё жамоатчилигини ҳайратга солди ва улар Ўзбекистонни ўзлари учун янгитдан кашф этганлиги таъкидланди.

«Бу ишлар давом эттирилиб, келгусида Италия, Буюк Британия, Қатар, Бирлашган Араб Амирликларида ҳам ана шундай кўргазмалар ташкил қилинади. Кейинги йилларда ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига яна 9 та миллий меросимиз намунаси, Бухоро шаҳри эса “Ижодкор шаҳарлар тармоғи”га киритилди», – дейилади хабарда.

Шу йил сентябрь ойида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний таваллуди халқаро миқёсда кенг нишонлангани ҳам муҳим воқеа бўлгани айтилди. Президент халқаро майдонда маданий дипломатиянинг ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлаган.

«Жумладан, ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиялари қарийб 40 йилдан буён фақат Парижда ўтказилилаётганлиги. 2025 йилда эса бу конференциянинг сессиясини биринчи марта бошқа шаҳарда, яъни, Самарқандда ўтказиш белгилангани. Ушбу нуфузли анжуманга Ташкилотга аъзо барча давлатлардан вакиллар ташриф буюриши. Ҳеч шубҳасиз, бу – Ўзбекистон учун катта ишонч, айни пайтда масъулият эканлиги айтилди», – дейилган.

Шу сабабли Президент бу йирик халқаро тадбирга ҳозирдан пухта тайёргарлик кўришни бошлаш кераклигини кўрсатиб ўтган.

Йиғилишда кино санъат ва адабиётида рўй бераётган ижобий ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтилган.

«Буюк саркарда ва давлат арбобларимиз, улуғ алломалар, маданият намояндаларимиз ҳақида тарихий фильмлар яратилмоқда. Қарийб чорак асрдан кейин Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди. 2021 йилдан буён ҳар йили жаҳоннинг 50 дан ортиқ мамлакатидан юзлаб кино ижодкорлар Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда. Замонавий адабиётимизни ривожлантириш мақсадида пойтахтимизда Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси барпо этилди, янги ижод уйлари қурилди. Самарали ижод қилаётган адиблар имтиёзли асосда янги уй-жойлар билан таъминланди», – дейилади хабарда.

Ёш истеъдод эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Зомин семинари қайта тикланганлиги айтилди.

100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари”, 30 жилддан иборат “Мустақиллик даври навоийшунослиги”, “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари”, “Мард аскарга совға” сингари адабий мажмуалар нашр этилганлигига тўхталинган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.