ЮНИСЕФ инклюзив мактаб ва мактабгача таълимга чақирмоқда

Школьники
Фото: ЮНИСЕФ

Шу ҳафтада Ўзбекистон бўйлаб янги ўқув йили бошланар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) манфаатдор томонларни ҳам мактабгача таълим, ҳам мактаб таълими даражасида инклюзивлик ва сифатли таълимга эътибор қаратган ҳолда таълим масаласини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда.

Европа ва Марказий Осиёдаги энг камбағал оилаларнинг ёш болалари асосий саводхонлик ва ҳисоблаш кўникмаларидан 2,5 баравар орқада қолишади. Айни пайтда Ўзбекистонда кўплаб болаларнинг кўрсаткичлари кутилган даражадан пастлигича қолмоқда. Яқинда ўтказилган мустақил тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатдики, 4-синф якунида  бошланғич синф ўқувчиларининг 30 фоизи ўзларининг ёш даражасидаги матнни ўқий олмайди ва тушуна олмайди.

Тадқиқотлар, шунингдек, 1-9 синфларда ногиронлиги бўлган ва бўлмаган ўқувчилар ўртасида таълим олиш имконияти бўйича 20 фоиздан кўпроқ тафовут борлигини кўрсатди, бу тафовут юқори синфларда ва касб-ҳунар таълими соҳасида икки баробардан кўпроқ (46%) (БМТ, 2019).

2023 йилда ЮНИСEФ Ўзбекистон ҳукуматини таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлади, унинг мақсади ҳукумат, ривожланиш бўйича ҳамкорлар, ўқитувчилар, ота-оналар, ўқувчилар ва мактаб ҳамжамиятларини трансформатив сифатли таълимнинг белгиланган стратегик мақсадларига эришиш учун бирлаштиришга қаратилган.

“Йўл харитаси” Ўзбекистоннинг БМТ Бош Ассамблеясининг Таълим соҳасидаги глобал ўзгаришлар бўйича 77-саммити чоғида қабул қилган мажбуриятларига ҳамоҳанг бўлиб, унда “глобал жамоат манфаати сифатида таълимга сиёсий ва молиявий садоқатни фаоллаштириш ва 4-Барқарор ривожланиш мақсадини амалга ошириш йўлидаги тараққиётни тезлаштириш зарурати” таъкидланган.

“Йўл харитаси”га мувофиқ, ривожланиш бўйича ҳамкорлар таълим соҳасидаги стратегик ислоҳотларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш, жумладан, келгуси уч йил давомида таълимни ривожлантиришга сармоя киритиш учун 600 миллион доллардан ортиқ маблағни жалб қилиш мажбуриятини олди.

“Ўқув йилининг бошланишидан унумли фойдаланиб, Ўзбекистонда инклюзивлик ва таълим сифати тамойилларига риоя этилишини таъминлаш керак. Болалар мактабга қайтишлари билан уларга сифатли, инклюзив ва хавфсиз таълим берилишига чин дилдан умид қиламан. Биз ҳаммамиз мактаблар мамлакатдаги ҳар бир қиз ва ўғилнинг салоҳиятини очиш имкониятини таъминлашга интилишимиз керак”, — дейди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Ҳар бир боланинг сифатли таълим олиш имкониятини таъминлаш учун ЮНИСEФ инклюзив таълим сиёсатини фаол қўллаб-қувватлайди. ЮНИСEФ уйларда, мактабларда ва жамоаларда тенглик, хилма-хиллик ва инклюзивликни рағбатлантириш орқали таълимни яхшилаш ва тегишли ижтимоий ёрдамни рағбатлантиради. Таълим ислоҳоти кун тартибида барча болаларнинг тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқариш учун хавфсизроқ ва инклюзив таълим муҳитини яратиш учун далилларга асосланган ечимларга устувор аҳамият берилиши керак.

“Инклюзив таълим ўқув дастурига эмас, балки болага қаратилган. Бу ёндашув ҳар бир боланинг, жумладан, ногирон ва қўшимча ёрдамга муҳтож бўлган болаларнинг эҳтиёжларини қондирадиган педагогикани қўллаш орқали барча болалар учун яхшироқ таълим натижаларини таъминлайди”, — деди Ўзбекистондаги ЮНИСEФ ваколатхонасининг Таълим бўлими раҳбари Альберто Бьянколи.

Янги ўқув йили ҳафтасининг бошида ЮНИСEФ ривожланиш бўйича ҳамкорлар ва ҳукуматни халқаро конвенциялардан келиб чиққан ҳолда ўз мажбуриятларини бажаришга ва барча болаларга, шу жумладан, ногирон ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун тенгдошлари билан бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга сифатли таълим олишни кафолатлашга чақиради.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.