ЮНИСЕФ Ўзбекистон ССВга 1,5 млн долларлик компьютерларни тақдим этди
Бугун ЮНИСЕФ Ўзбекистонда миллий иммунизация тизимини ва бутун соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига компьютерлар совға қилди.
2150 та компьютер Ўзбекистонда самарали вакцина ва иммунизация бошқарувини татбиқ этиш, шунингдек бирламчи тиббиёт муассасалари фойдалана олиши мумкин бўлган соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш функционал ахборот тизимини мукаммаллаштириш имкониятларини кенгайтиради.
Gavi кўмагида етказиб берилган 1,5 миллион долларлик жиҳозлар бутун мамлакат бўйлаб эмлаш жойлари ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларига тарқатилади. Компьютерлардан вакциналар ва эмлаш бўйича самарали ахборот тизимларини яратишда фойдаланилади. Улар инновацион ахборот тизимининг асосини ташкил этади ҳамда режали иммунизация мақсадларида, шунингдек COVID-19 пандемиясига қарши курашиш стратегияси доирасида ишлатилади.
“Ҳар бир тиббиёт муассасасига етказилган бу оддий сармоялар Ўзбекистонда эмлаш бўйича кенг қамровли ахборот тармоғи ва электрон ахборот тизимини шакллантиради,” дейди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. » Gavi кўмагида бизда самарадорликни ошириш, эмлашдан бош тортиш ҳолатларини ўрганиш, реал вақт режимида тенденцияларни аниқлаш ва, ниҳоят, соғлиқни сақлаш соҳасидаги камчиликлар ва имкониятларни аниқлаш имкониятига эгамиз,» – дея таъкидлайди у.
Gavi ва бошқа донорларнинг молиявий кўмагида ЮНИCEФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги барча болалар Миллий иммунизация календарига мувофиқ эмланишини таъминламоқда. Бугун кўрсатилган ёрдам, шунингдек, COVID-19 га қарши ваксинацияни ҳамда 2022 йил сентябрига режалаштирилган қизамиқ ва қизилчага қарши эмлаш кампаниясини кенгайтиришга кўмак беради.
Шарҳлар