Юнусободда Ҳарбий суд биноси очилди
Бугун Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суд биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий суд раиси Б. Исломов, Миллий гвардия қўмондони Р. Джураев, Мудофаа вазирлиги ва Ҳарбий прокуратура вакиллари, судья ва адвокатлар, суд фахрийлари иштирок этди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганлигини таъкидладилар.
Президент томонидан судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судларга ташриф буюрувчи фуқаролар ҳамда суд процессларининг барча иштирокчилари учун замонавий, ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш масалаларига эътибор кучайтирилиши натижасида судларнинг моддий-техника базаси яхшиланди.
2021-2025 йилларда марказлаштириладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастури асосида 2025 йилга қадар 32 та янги бино қуриш ҳамда 107 та бинони реконструкция қилиш ишлари назарда тутилган.
Сўнгги йилларда ушбу дастурга мувофиқ 46 та янги суд биноси қурилди, шунингдек 23 та суд жойлашган 17 та мавжуд маъмурий бинода реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада жами 101 та суд замонавий бинолар билан таъминланди.
Тадбирда бино қурилишида жонбозлик кўрсатган қурувчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Сўнгра тантанали очилиш маросимининг рамзий тасмалари кесилиб, ташриф буюрган меҳмонлар суд биносида яратилган шароитлар билан танишдилар.
Шарҳлар