Bo'limsiz

Кўприк қулаши бўйича жиноят иши қўзғатилди

Фото: соцсети

Жорий йилнинг 12 август куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Бобур кўчасидан И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи ва Содиқ Толипов кўчасига чиқиш ва тушишига имкон берувчи йўл ўтказгични қайта қуриш объектида узунлиги 42 метрлик 5 дона балкалар қулаб тушган ва 2 млрд 760 млн. сўмлик зарар етказилган. Бу ҳақда Транспорт прокуратураси матбуот хизмати хабар беряпти.

«Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар мансабдор шахслар гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган», – дейилади хабарда.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмокда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.