Кўзлари кўкарган бола ҳолати бўйича қўшимча маълумотлар берилди, у отаси томонидан калтакланмаган
Эсингизда бўлса, ижтимоий тармоқда кичик ёшдаги боланинг боғчага юзи ва кўзлари жароҳатланган ҳолда келганлиги ва уни отаси калтаклаганлигини айтиб бериши тасвирланган видео тарқалганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирган эди.
Дастлабки маълумотга кўра, мазкур зўравонлик Самарқанд вилояти Ургут туманида юз берганини аниқланади.
Орадан икки кун ўтиб масалага ойдинлик киритилишича, туманнинг «Юқори қалангар» маҳалласидаги 2017 йилда туғилган А.А. юз-кўзидаги жароҳати туфайли 30 октябрь куни туман марказий шифохонасига отаси А.Х. томонидан олиб келинган.
«Текширув давомида А.А нинг олган жароҳати юзасидан 03.11.2023 йилда судга оид тиббий экспертизаси тайинланган бўлиб, унга кўра болага жароҳат ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида етказилганлиги хулоса қилинган. Терговга қадар текширув натижасига кўра, жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли 25.11.2023 йилда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишдан рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат Болалар омбудсмани ва Бош прокуратура назоратига олинганидан сўнг жиноят иши қўзғатишдан рад этиш тўғрисида қарор туман прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилиб, 12.12.2023 йилда бекор қилинган ва қўшимча текширув ҳаракатлари олиб бориш учун туман ИИБ ҳузуридаги ТБга юборилган.
«Қўшимча терговга қадар текширув давомида бола психолог томонидан педагог иштирокида (видеоёзувда қайд қилинган ҳолда) суҳбат қилинганда, у 29.10.2023 йилда отасининг уйи яқинидаги савдо дўкони олдида амакисига тегишли бўлган қора молларни орқасидан югуриб, асфальт қопламасига йиқилганлиги, бурни қонаб, юзи шилинганлигини баён қилган», – дейилади.
Шунингдек, боланинг йиқилганига гувоҳи бўлган шу ҳудуддаги дўкон сотувчиси Л.С. ўз тушунтиришида боланинг ҳақиқатдан ҳам чорва молларни орқасидан югуриши натижасида юзи билан ерга йиқилиб тушганлигини кўрганлигини ва жароҳат йиқилиш натижасида бўлганини тасдиқлаган.
«Бола манфаатлари нуқтаи назаридан Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан назоратни давом эттиришини билдирган. Видеоёзув билан омбудсман танишган, лекин бола манфаати юзасидан у оммавий эълон қилинмайди», – дейилади болалар Омбудсмани хабарида.
Шу билан бирга, Болалар омбудсмани низо жараёнидаги айрим ота-оналар уларнинг ўзаро зиддиятли муносабатларидан биринчи навбатда ўз фарзандлари жабр кўраётганига эътибор қаратишлари ва бунга йўл қўймасликларини сўраб мурожаат қолдирган.
Шарҳлар