Камбағаллик туфайли Меҳрибонлик ва Болалар уйларига фарзандини жойлаш амалиёти бекор қилинади

Foto: Gazeta.uz

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбияга бериш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Ахборот агентлиги хабар бермоқда. Унга кўра:

  • Болани тарбияга беришда оила муҳитини сақлаб қолишга устуворлик берилади. Бунда аввало васийлик, ҳомийлик ёки фарзандликка бериш қўллаб-қувватланади. Ихтисослаштирилган муассасага энг сўнгги чора сифатида жойлаштирилади.
  • Фарзандларни оиланинг камбағаллиги туфайли Меҳрибонлик ва Болалар уйларига жойлаштириш амалиёти бекор қилинади. Камбағал оила вакиллари ишга жойлашган тақдирда, боласи уч ёшга тўлгунча боғча харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя жамғармасидан компенсация берилади.
  • Болалар уйларида “Оналар маскани” ташкил этилиб, унда боласидан воз кечмоқчи бўлган оналар жойлаштирилади. Уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади, оналик кўникмалари ўргатилади ҳамда касб эгаллашига кўмаклашилади.

Бу каби хизматларни ташкил килишда нодавлат ташкилотлари ҳам кенг жалб қилинади.

  • Оғир ҳаётий вазиятга тушган болалар тарбияга берилгунига қадар “Инсон” маркази томонидан оилавий болалар уйига жойлаштирилади. Тарбияга бериладиган болалар учун индивидуал ривожланиш режаси ишлаб чиқилади.
  • Етим болаларни аниқлаш, уларни тарбияга олиш истагини билдирган шахслар маълумоти “Ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида юритилади. “Инсон” марказлари болаларнинг қонуний вакили этиб белгиланади ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Шунингдек, бу марказлар тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитини, ёрдамларнинг мақсадли ишлатилишини ва тарбияга олган шахслар мажбуриятларини мониторинг қилиб боради.

  • Оилавий болалар уйини ташкил этган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида белгиланади. Тутинган оилаларда тарбияланаётган болаларга умумий ўрта ва ўрта махсус таълимни тугатгунича яшаш ва парваришлаш харажатлари тўланади.
  • Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, шу соҳада яна бир ҳужжат – “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида” қонун маъқулланган. Унда бу борадаги ҳуқуқий асослар мустаҳкамланиб, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи давлат органлари ҳамда уларнинг ваколатлари аниқ белгиланган. Президентимиз ушбу қонунни имзолади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.