Тошкент вилоятидаги камбағал оилалар сони маълум қилинди

Foto: yuz.uz

11 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлигида “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастури доирасида масъуллар томонидан бажарилган ишлар таҳлил қилиниб, келгуси режалар белгилаб олинди. Бунда ҳар бир раҳбар ўзига бириктирилган камбағал оила билан индивидуал шуғулланиши, улар барқарор даромадга киргунча фаол равишда иш олиб бориши шартлиги таъкидланди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар бермоқда.

Йил бошида вилоятда жами аҳолининг 10,2 фоизини камбағал оилалар ташкил этган бўлса, бу саъй-ҳаракатлар натижасида йил якунида 7 фоизга тушиши кутилмоқда. Бошқача айтганда, бугун ҳудудда 63 минг 9 та камбағаллик даражасидаги оилалар мавжуд. Уларнинг ҳар бири билан индивидуал тартибда иш олиб борилмоқда.

Эндиликда, вилоятда раҳбарлар ҳафтанинг жума кунида ўзига бириктирилган камбағал оилаларда бўлиб, улар билан суҳбатлашади, берилган имтиёз ва имкониятларни тушунтиради. “Камбағалликдан – фаровонлик сари” давлат дастурида белгиланган еттита йўналишда, яъни, турмуш тарзи, ижтимоий тафаккурини яхшилаш, ривожлантириш борасида биргаликда иш олиб боради. Масалан, ўтган ҳафта – 4 октябрь куни ўтказилган “Камбағал оилада бир кеча” акцияси доирасида 220 нафар вилоят бошқармалари ва туман, шаҳарлар сектор раҳбарлари қатнашгани катта ижобий самара келтирган: 456 нафар инсон ишга жойлашган, 367 та оиланинг фарзандлари турли тўгаракларга жалб қилинган.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ахбороти тингланди. Мажлисда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.