Сирдарё вилоятида Nexia каналга тушиб кетди, беш киши ҳалок бўлди
Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида Nexia 2 автомобили Жанубий Мирзачўл каналига тушиб кетди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.
Ҳодиса 17 июнь куни соат 13:00 ларда, Ширин шаҳар “М.Улуғбек” маҳалласини “Нуробод” маҳалласи билан боғлаб турувчи Жанубий Мирзачўл каналидан ўтган транспорт воситалари ўтиши учун мўлжалланган кўприк устида юз берган. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб йўналишига нисбатан чап томондаги кўприк тўсинларига урилиб, каналга тушиб кетган. Натижада автомашинада бўлган ҳайдовчи ва 4 нафар йўловчилар ҳодиса жойида чўкиб кетишган.
Сирдарё вилояти Фавқулодда қутқарув гуруҳи ғаввослари томонидан олиб борилган тезкор қутқарув ишлари давомида Жанубий Мирзачўл каналидан ҳайдовчи ва 3 нафар йўловчиларнинг жасадлари ҳамда Nexia 2 русумли автомашина топилиб, сувдан олиб чиқилган. Ҳозирда Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув гуруҳи ғаввослари томонидан автомашинада бўлган 1 нафар йўловчини қидириб топиш чоралари кўрилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда
Шарҳлар