Бухоролик шахс томонидан картадаги пуллар ўзлаштирилиб келинган
Қашқадарё вилояти, Китоб туманида яшовчи 31 ёшли В.Ф. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 909.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноят Бухоро вилояти, Когон туманида яшовчи 24 ёшли Қ.У. томонидан содир этилганлиги аниқланган.
«Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Қ.У интернет фойдаланувчиларига “Телеграм” мессенжери орқали турли хил мазмунидаги хабарни ҳавола билан жўнатиб, уларни қизиқтириб, банк карта маълумотларини қўлга киритиш орқали банк карталарида сақланган пулларни ўғирлагани ва шу қинғир йўллар орқали бойлик орттириб келаётганлиги маълум бўлди», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Қ.У.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 69-моддаси 3-қисми «б» бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Шарҳлар