Касб касаллиги тасдиқланган беморлар тўлиқ давлат томонидан ҳимояланади
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди.
«Республикамизда касб касалликларини олдини олиш икки йўналишда олиб борилмоқда. Яъни
– Меҳнат шароитларини мухофаза қилиш ва яхшилаш.
– Тиббий профилактик ёрдам кўрсатиш», – дейилади хабарда.
Санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти мутахассислари томонидан касб касалликларини олдини олиш, меҳнат ва даволаш реабилитацияси учун 2021-2023 йилларда республиканинг кўплаб ишлаб чиқариш ташкилотлари ишчиларини профилактик тиббий кўрик ўтказилди. Жумладан, “Олмалиқ Кон Металлургия Комбинати” АЖ га қарашли, Чодак кон бошқармаси, Хондиза кон бошқармаси, Чирчиқ шахридаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бирлашмаси, Шеробод цемент заводи, Бектемир метал заводи, Тошкент метал заводи, Логистика хизмати ташкилотлари, ООО АКFА FOOD ва бошқа ташкилотларнинг 20 000 дан ортиқ ходимлари даврий тиббий кўрикдан ўтказилди
«Касб касалликлари клиникаси республикадаги ягона ихтисослаштирилган клиника бўлиб, 100 ўринга эга. Унда ҳар йили республиканинг барча ҳудудларидан 3 мингдан ортиқ бемор даволаниш ва реабилитациядан, 33 мингдан ортиқ бемор эса амбулатор шароитида текширувдан ўтказилади. Улар зарарли ва ҳавфли омиллар таъсирида фаолият олиб борган 80 дан ортиқ асосий ишлаб чиқариш корхоналарининг ишчиларидир», – дейилади хабарда.
Сўнги бир йилдаги ўтказилган тиббий кўриклар хулосалари асосида 9800 та ишчи-ходимга (98%) ишга яроқлилик экспертиза ҳулосалари берилди, аниқланган ташҳисларга кўра 42% текширилганларга зарур даволаш ва соғломлаштириш тадбирлари режалаштирилди, 2% стационар, 4% санаторий-курортларда даволаниш учун юбориш, 4116 та ишчига шифокор назоратида бўлиш, 290 та ишчига соғлиғи холатига кўра енгил ёки хавфли ва зарали ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган бошқа ишга вақтинча ўтказиш бўйича тавсиялар берилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, касб касаллиги тасдиқланган беморлар Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти клиникасида диспансер назоратида туради. Улар давлат томонидан ҳимояланган беморлар гуруҳига киради ва клиникада ҳар йили бепул даволаниш, текшириш ва реабилитация ҳуқуқига эга.
Шарҳлар