“Ғишткўприк” чегара божхона постида катта миқдордаги заргарлик буюмлари тўхтатиб қолинди
“Ғишткўприк” чегара божхона постида қиймати 380 млн. сўмлик заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишга уринган шахс тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Божхона бошқармаси матбуот хизмати ёзмоқда.
Юртимизга ўтиш учун “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган фуқаро ҳаракатлари божхона ходимларининг диққатини тортди ва шахсий кўрикдан ўтказилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
«Шахсий кўрик натижасида фуқаронинг оёғи ва ички кийимларига скотч билан ўраб яширилган умумий оғирлиги 450 грамм заргарлик буюмларини фош этилди», – дейилади хабарда.
Дастлабки ҳисоб китобларга заргарлик буюмларининг қиймати 380 млн сўмни ташкил қилмоқда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, жисмоний шахслар божхона чегараси орқали божхона тўловларисиз, йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда умумий оғирлиги 65 граммдан кўп бўлмаган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини олиб киришлари мумкин.
Шарҳлар