14 декабр куни электр станциялар орқали 254,5 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган

Электростанция
Фото: yuz.uz

14 декабрь куни электр станциялар орқали 254,5 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган ва истеъмолчиларга 247,2 млн кВт соат электр энергияси етказиб берилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

“Бунинг учун иссиқлик электр станцияларда 43,5 млн кубометр табиий газ, 18,1 минг тонна кўмир, 12,1 минг тонна мазут ёқилган. Республика табиий газ истеъмоли 159 млн кубометрни ташкил қилган. Ҳозирги вақтда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятидан табиий газ олувчи 1 минг 204 та метан заправканинг 624 таси белгиланган график асосида ишламоқда”, – дейилади хабарда.

Кеча “Ўзбекнефтгаз” жамияти томонидан Фарғона водийсидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига жами 1028 тонна жумладан, Андижон вилоятида 406 тонна, Наманган вилоятида 346 тонна ва Фарғона вилоятида 276 тонна автобензин етказиб берилди.

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига (метан заправкалар) 4,5 млн кубометр табиий газ ҳамда 800 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Атомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун биржа савдоларига 3 минг 510 тонна автобензин, 1 минг 951 дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 3 минг 510 тонна автобензин ҳамда 594 тонна дизель ёнилғиси сотилган.

“Шуни алоҳида таъкилаш керакки, сутканинг тиғиз вақтларида электр энергияси етказиб беришга қўйилган вақтинчалик қисқа муддатли чекловлар юклама ортиши боис ҳудудлардаги электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш мақсадида қўлланилмоқда. Газ босими барқарорлашиши ҳамда энергоблоклар ишга туширилиши билан истеъмолчиларга электр энергияси барқарор етказиб берилиши таъминланади”, – дейилади хабарда.

Шу билан бирга, республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келган носозликлар бартараф этиб борилмоқда. Кеча мамлакат бўйлаб электр қурилмаларда юзага келган 15 та, газ таъминотида юзага келган 9 та носозлик бартараф этилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.