Кенг кўламли ўзгаришларни Қорақалпоғистон мисолида яққол кўриш мумкин
Бутун мамлакатимизда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларни Қорақалпоғистон мисолида яққол кўриш мумкинлиги таъкидланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати ёзмоқда.
Бугунги таҳликали ва мураккаб замонга қарамасдан, иқтисодиётимиз барқарор ўсиб бораётгани, дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар етакчилари буни эътироф этаётгани қайд этилди.
Яқинда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлади.
Шундай юксак маррага эришишда илғор технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, юз минглаб янги иш ўринларини яратаётган ва дунё бозорларига жадал кириб бораётган азму шижоатли тадбиркорларнинг ҳиссаси беқиёс экани эътироф этилди.
Президент ривожланган давлатларда ўз бизнесини йўлга қўйган, катта-катта натижалари билан юртимиз номини чет элликларга танитаётган кўплаб ватандошларимиз борлигини қайд этди.
Бугунги учрашувда 40 дан зиёд ана шундай ватанпарвар, ишбилармон бизнес вакиллари иштирок этмоқда.
Куни кеча илғор бизнес вакилларидан 37 нафари орден ва медаллар билан, 104 нафари “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари уларни чин дилдан табриклаб, фидокорона меҳнати учун ўз номидан, бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдирди.
“Сизлар янгилик яратишдан, ташаббус кўрсатишдан чарчаманглар. Сизларни қўллаб-қувватлашга, янада қулай шароитлар яратиб беришга мен доим тайёрман!”, – деди Президент.
Шарҳлар