Киберхавфсизликни таъминлашнинг долзарблиги ошмоқда – Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

IT cоҳаси ривожлангани сари киберхавфсизликни таъминлашнинг долзарблиги ошмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

«Ўтган 11 ойда 5,5 мингта кибержиноят содир этилган бўлса, шундан 70 фоизи банк карталари билан боғлиқ фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда 50 га яқин тўлов тизими бўлиб, уларнинг ҳаммаси ҳам киберхавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги қайд этилди», – дейилади хабарда.

Ноябрь ойида IT воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича Президент қарори имзоланганди.

«Мутасадди вазирлик ва идораларга барча электрон тўлов тизимлари учун ягона киберхавфсизлик талабларини ишлаб чиқиш ва ижросини қатъий назорат қилиш топширилди», – дейилади.

Умуман, IT хизматлари ҳажмини 20 триллион сўмга, экспортни 800 миллион долларга етказиш, тармоқларда 130 та ахборот тизимини жорий қилиш ва 750 та давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш борасидаги режаларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимларнинг ҳисоботи тингланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.