Тошкент халқаро кинофестивали бошқа муддатга қолдирилди
15−19 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган «Ипак йўли дурдонаси» XVI Тошкент халқаро кинофестивали муддатлари кўчирилди, дея хабар қилмоқда фестиваль матбуот маркази.
«Мамлакатимиз бу йил кўплаб эътиборга молик йирик халқаро тадбирларнинг марказига айланди. Уларнинг ўтказилиш саналари кинофестиваль кунларига тўғри келади. Хусусан, футзал бўйича жаҳон чемпионати ва бир нечта бошқа халқаро форум ва конференциялар шулар жумласидан», — дея аниқлик киритилган хабарда..
Шу билан бирга, кинофестивалнинг танлов дастурида иштирок этиш учун аризалар қабули тўхтатилганига қарамай (60 дан ортиқ давлатдан 400 дан ортиқ фильм), хорижий мамлакатлардан иштирок учун талабгорларнинг сўровлари давом этмоқда. Бу, «ўз навбатида, фестивални ўтказиш кунлари билан боғлиқ режаларга ўзгартириш киритишни тақозо қилмоқда».
«Ўз иш режаларингизни ўзгартиришга мажбур бўлганингиз учун яна бир карра узр сўраган ҳолда кинофестивалга бўлган қизиқишингиз учун самимий миннатдорлик билдирамиз», — дея таъкидлади ташкилотчилар.
Шарҳлар