Кластерлар пахта хомашёсини автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими орқали қабул қилади
Президент ҳузурида 12 декабрь куни пахта хомашёсини етиштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беряпти. Йиғилишида пахтачилик тармоғида мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, кластерлар ва фермерлар ўртасидаги муносабатларни янгича ташкил этиш, пахта уруғчилигига илғор ёндашувларни жорий қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган эди.
Ушбу топшириқларга мувофиқ ишлаб чиқилган таклифлар бугунги йиғилишда кўриб чиқилди.
Жумладан, 2024 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсини етиштирувчилар ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасида муносабатлар янги тартибда ташкил этилади.
Чигит экилишидан аввал фермер хўжаликлари ва вилоят ичидаги кластер ўртасида тупроқ ҳосилдорлиги доирасида фьючерс шартномалари Товар-хом ашё биржасининг “пахта хомашёси секцияси”да ҳар бир ҳудуд учун ўтказиладиган савдолар орқали тузилади.
Фьючерс шартномаси
Бунда фермер ўзи етиштирадиган пахтанинг миқдорини биржага жойлаштиради ҳамда баландроқ нарх таклиф этган вилоят ичидаги кластер ушбу фермер билан фьючерс шартномасини тузади. Бошланғич нарх Нью-Йорк биржасидаги пахта толасининг охирги 12 ойдаги ўртача нархи асосида белгиланади.
Фьючерс шартномасидан ортиқча етиштирилган пахта хомашёси ёки ундан олинадиган бирламчи ва иккиламчи маҳсулотларни фермер хўжаликлари тўғридан-тўғри фьючерс шартномаси тузган кластерга ёки биржа орқали исталган субъектга сотади.
Пахта хомашёси фермерларнинг ўз маблағлари, шу жумладан тижорат кредитлари ҳисобидан етиштирилганда пахта хомашёси ва ундан олинадиган бирламчи ва иккиламчи маҳсулотлар биржада эркин сотилади.
Йиғилишда пахта хомашёсини етиштирувчи хўжаликларга биржада иштирок этиш тартиби юзасидан ўқув семинарлар ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди. Кластерлар ва бошқа корхоналар томонидан пахта хомашёси фақат электрон тарози орқали қабул қилиниши ҳамда пахта толасини автоматлашган ҳисобга олиш тизими жорий қилиниши белгиланди.
2024 йил ҳосилидан бошлаб фермерлар ва кластерларга пахта хомашёсини етиштириш ва якуний ҳисоб-китоблар учун Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар ажратишнинг янги тизими жорий этилади. Ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан агротехник тадбирлар доирасида товарлар, ишлар ва хизматлар, шу жумладан моддий ресурслар етказиб берувчилар фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан ихтиёрий танланади. Кредит буюртмалари тўлиқ электрон шаклда тақдим этилади.
Пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш тартибини ҳам янгилаш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Бунда кластер ташкил этишга талабгорлар тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнларининг камида иккита босқичини йўлга қўйган бўлиши, солиқлар ва мажбурий ажратмалардан ҳамда банк кредитларидан муддати ўтган қарздорлиги бўлмаслиги керак бўлади.
Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тугатилиб, кластер фаолиятини ташкил этиш истагида бўлган талабгорлар очиқ ва шаффоф онлайн танлов асосида танлаб олинади.
Кластерлар реестри
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кластерлар реестрини юритади ва ушбу реестрни ўзининг веб-сайтида доимий эълон қилиб боради. Вазирликка энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари тизими бўйича кластерларнинг автоматлаштирилган рейтингини юритиш дастурини яратиш топширилди.
Йиғилишда пахта уруғчилигини ривожлантириш ҳамда ҳосилдорлигини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Шу мақсадда ишлаб чиқилган Президент қарорида келгуси йилдан пахта экиладиган майдонларнинг 10 фоизига тажриба-синов тариқасида хорижий пахта навларини жойлаштиришга рухсат бериш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, тажриба тариқасида 14 та туманнинг балл бонитети паст, сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларида юқори ҳосилдор маҳаллий ва хорижий навлар жойлаштирилиши белгиланмоқда. Хориждан олиб кириладиган пахта навлари учун алоҳида агротехника ва соддалаштирилган карантин талабларини жорий этиш, ушбу навларни етиштиришни махсус карантин кузатувида ва Пахтачилик кенгаши илмий кўрсатмаси асосида олиб бориш муҳимлиги қайд этилди.
Пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан ғўза навларини жойлаштиришда кафолатланган уруғ таъминотига мувофиқ эркинлик берилмоқда. Республикада ғўзанинг серҳосил ва саноатбоп янги навларини яратишни рағбатлантириш мақсадида қатор вазифалар белгиланмоқда.
Жумладан, маҳаллий истиқболли ғўза навларини кўпайтириш, унинг сифатли элита уруғчилигини йўлга қўйиш ва навни тижоратлаштиришда кластер ва фермерларга тегишли навга ҳаммуаллифлик қилишга рухсат берилади. Сертификатланган уруғлик тайёрлашни босқичма-босқич кластерлар ва хусусий уруғчилик корхоналарига ўтказиш кўзда тутилган.
2024 йилдан бошлаб ҳосилдорлик 30 центнердан паст ҳосил бераётган навлар мунтазам аниқланиб ва серҳосил маҳаллий ва хорижий навларга алмаштириб бориш амалиёти жорий қилинади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мазкур тизимни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш ҳамда Уруғчилик маркази фаолиятини трансформация қилишга топшириқ берилди.
Толали экинлар илмий-тадқиқот институти
Ўзбекистонда толали экинлардан чиқадиган маҳсулотлар, тола чиқими, пахта саноати соҳасида махсус муассаса мавжуд эмаслиги боис пахтачилик кенгашининг илмий-тадқиқот органи – “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ негизида Толали экинлар илмий-тадқиқот институтини ташкил қилиш таклиф этилди.
Шунингдек, мамлакатимизда Генетик модификацияланган организмлар ва уларнинг маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича илмий экспертизаси жорий қилинади ҳамда генетик модификацияланган навлар миллий базаси шакллантирилади. Бу орқали ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинадиган ГМО маҳсулотлари хавфсизлигини баҳолаш, шунингдек, ГМО маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш йўлга қўйилади.
Соҳани рақамлаштириш мақсадида 2024 йил якунига қадар “е-уруғ” платформаси ишга туширилади. Унда уруғчилик корхоналари ва хўжаликларининг ўзаро интеграциялашуви, нав ва дурагайларнинг уруғ таъминоти ва захираси, ҳудудларга мослиги ва агротехнологиялари, эркин ва шаффоф жойлаштириш, қайта тақсимлаш, сертификат олиш имконияти яратилади.
Президентимиз ушбу таклифларни маъқуллаб, янги тизимни амалиётга жорий қилиш юзасидан қатор кўрсатмалар берди.
Шарҳлар