«Кофе маҳсулотлари» таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар аниқланди
«Кофе маҳсулотлари» таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган воситаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Божхона бошқармаси хабар қилмоқда.
Ўзбекистон ҳудудига, “Ғишткўприк” чегара божхона пост орқали пиёда ҳолда кириб келган фуқаронинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида, оғзаки сўровда тақдим этилмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган 14 дона кўк рангли пакетларга солинган “оздирувчи кофе маҳсулотлари” борлиги аниқланди.
«Божхона қўмитаси Марказий лабораториясининг хулосасига кўра, жами 3 221, 36 грамм бўлган вазн йўқотиш учун мўлжалланган “кофе маҳсулотлари” таркибида “сибутрамин” кучли таъсир қилувчи моддаси борлиги аниқланди», – дейилади хабарда.
«Сибутрамин» моддаси- 2019 йил 27 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир этувчи моддалар айланишини тартибга солиш тўғрисида”ги 818-сон қарорида келтирилган рўйхатга кўра, республика ҳудудига муомаласи чекланган кучли таъсир қилувчи моддаларга киритилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар