Комил Алламжонов ҳақидаги хабар юзасидан прокуратура медиаларни огоҳлантирди

Фото: fb.com/k.allamjonov

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қуролли ҳужум уйиштирилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура ушбу ҳолатга қуйидагича муносабат билдирди.

Сўнгги кунларда ҳали тергов жараёни давом этаётган жиноят иши юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали тасдиқланмаган ва асоссиз, шунингдек, ишончли расмий манбаларга таянилмаган маълумотлар кенг тарқатилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан тегишли идораларнинг ходимлари томонидан тергов ҳаракатлари давом этаётганлиги ҳақида хабар берилган. Тафсилотлар ҳақида қўшимча равишда хабар берилади.

«Қонунчиликда ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ҳамда масъулият аниқ белгиланган – буни, айниқса, фаол ва катта аудиторияга эга блогерлар, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва каналлар маъмурлари яхши ҳис этишлари лозим. Чунки жамиятда улар тарқатаётган ҳар қандай ахборотни ҳақиқат сифатида қабул қиладиганлар кўп. Медиа вакиллари ҳам худди давлат органларидан талаб этилгани каби соҳага оид амалдаги қонунчилик меъёрларига риоя этишлари шарт эканлигини унутмаслиги керак. Шунга кўра, жамоатчилик орасида турли нотўғри талқин ва тахминлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида, оммавий ахборот воситаларидан прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор ёки тергов тадбирларини ёритишда фақат Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга таяниш ва ҳавола келтиришни қатъий сўраб қоламиз», – дейилади хабарда.

Аҳоли орасида ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун жиноий жавобгарлик мавжуд.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.