Комиссия Полат Шамшетовнинг ўлими ҳақида: «Кўп чекарди, жуда безовта эди»

Полат Шамшетов даёт интервью 31 января сразу после вынесения приговора. Фото: Amerika Ovozi

2022 йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси собиқ бошлиғи, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган Полат Шамшетовнинг тергов ҳибсхонасидаги ўлими ҳолатини ўрганиш якунлари бўйича баёнот эълон қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.

Комиссия аъзолари Полат Шамшетовнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида 4-сонли Тергов ҳибсхонасига бориб, у ердаги шароитлар, камера ёзувлари, дастлабки тиббий хулоса ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўрганишди. Шунингдек, марҳум билан битта камерада бўлган шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказишди.

Полат Шамшетов билан бир камерада бўлган махбуслар Б. М. ва Ш. С.нинг сўзларига кўра, 3 февраль куни нонуштадан кейин камерада суд ҳукмини қайта-қайта ўқишган, муҳокама қилишган, тушликдан сўнг сайр қилишгач, камерага қайтишган.

«Уларнинг айтишича, шу кунларда П. Шамшетов кўп тамаки чеккани туфайли нафас олиши оғирроқ бўлиб қолган. Хонадошларнинг сўзларига кўра, ўша куни марҳум кўп безовталанган, тўсатдан уларнинг кўз ўнгида ҳушини йўқотган», — дейилади хабарда.

Комиссиянинг қайд этишича, камера ёзувларида марҳум Шамшетовнинг ўша кундаги ҳаракатлари, санитария-гигиена ходими ва тез тиббий ёрдамнинг оператив ҳаракатлари аниқ акс этган.

«4 февраль куни соат 01:50да П.Шамшетовнинг соғлиги ёмонлашганлиги сабабли камерадошлари ҳибсхона тиббиёт бўлими шифокорини чақиртирган. Ҳибсхона тиббиёт бўлими фельдшери катта сержант Д. Темиров камерага келган вақтида маҳкум П.Шамшетов ҳушсиз ҳолатда бўлган. Соат 02:15 да РШТТЁИМ Бухоро вилояти филиали тез ёрдам шифокори А. Ғафуров ва фельдшер М. Рахмонов етиб келган вақтда маҳкум П. Шамшетовни биологик ўлим ҳолатида эканлигини аниқланган», — дейилади хабарда.

Ўрганиш давомида Бухоро вилоят суд тиббий экпертизаси томонидан ўтказилган текширувларнинг видеоёзувлари ҳам таҳлил қилинган. Шунингдек, Комиссия аъзолари марҳум вафот этган кунда ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро вилоятидаги филиалидан жалб қилинган тез ёрдам шифокори А.Ғафуров ва фельдшер М.Рахмонов ҳамда суд-тиббий экспертизасини ўтказган Республика Суд тиббий экспертиза маркази Бухоро вилоят филиали мутахассислари билан ҳам суҳбатлашиб, керакли маълумотларни олишган.

Бундан ташқари, маҳбусларга тасдиқланган меню асосида берилган таомлар кўриб чиқилди ва ошхонадаги шароитлар ўрганилган.

«Ўрганиш давомида, марҳумга нисбатан руҳий ёки жисмоний қийноқ қўлланилиши мумкинлигига оид маълумотлар ассосиз эканлиги аниқланди», — дея таъкидланади комиссия хабарида.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.