Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бир ойдан камроқ вақт ичида тайёрланди
Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича тузилган махсус комиссиянинг 26 майдаги биринчи йиғилишидан бир ой муддат ўтмасдан туриб, «Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси тайёрланди. Бу ҳақда 22 июнь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши якунида ўтказилган брифингда маълум қилинди. Бу ҳақда «Газета» нашри ёзади.
“Амалдаги Конституциянинг 83-моддасига мувофиқ, лойиҳа депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага киритилди. Қонун Конституциянинг 66 та моддасига 170 дан ортиқ тузатишлар киритишни назарда тутмоқда”, – дейди депутат Жаҳонгир Ширинов.
Таъкидланишича, Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар «инсон-жамият-давлат» принципига асосланган бўлиб, миллий Конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.
Қўмиталарнинг қўшма йиғилишида Конституциявий қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун киритишга ижобий хулоса берилди. Қайд этилишича, лойиҳага қуйи палата Кенгаши ҳам палатада кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисда қарор қабул қилди.
Лойиҳа энди партиялар фракцияси мажлисиларида муҳокама қилинади ва якунда Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисига биринчи ўқишга киритилади.
«Ялпи мажлисда концептуал жиҳатдан депутатларимиз томонидан кўриб чиқилганидан кейин қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига чиқариш ҳақидаги таклифларимиз ҳам тайёрланмоқда», — дейди Жаҳонгир Ширинов.
Шарҳлар