Конституциянинг яратилиш тарихи – архив ҳужжатларида
4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмаси» очилди. Бу ҳақда Anhor.uzга ЎзАрхив агентлиги матбуот хизмати раҳбари Анваржон Алиев маълум қилди.
Кўргазма зали 2 қисмдан иборат бўлиб, 1-қисм – 1992 йилда қабул қилинган Конституция тарихини ўз ичига олса, 2-қисм- Янги Ўзбекистоннинг Конституциявий ислоҳотлари даври мавзусига бағишланган.
«Кўргазмага Олий Мажлис палаталари архивлари, «Ўзархив» агентлиги тизимидаги Ўзбекистон Миллий архиви ҳамда Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви сақловидаги архив ва фотоархив ҳужжатлари тақдим этилган. Жами тақдим этилган ҳужжатлар сони 90 та, шундан 70 та фото ва архив ҳужжатлари намойиш этилди», – дейди Улуғбек Юсупов – «Ўзархив» агентлиги директори.
Кўргазмадан шунингдек, Янги таҳрирдаги Конституцияни ишлаб чиқиш бўйича мажлисларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган асосий ғоялар, Президент ҳузурида бўлиб ўтган муҳокамалар жараёнларидан лавҳалар, таклифлар, ҳужжатлардан намуналар, ишчи гуруҳ аъзоларининг мажлислари, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан муҳокамалар жараёнлари, Рефренедумни ўтказиш бўйича Қонунчилик палатаси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мажлиси ҳужжатлари, фото лавҳалари, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдум якунлари, уларнинг ҳужжатлари, фото лавҳалар ўрин олган.
Хабарингиз бор, бу йил конституциявий ислоҳотлар йили бўлди десак хато бўлмайди. Мамлакатда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолат беради.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Ф-72 сонли Фармойиши асосида Конституциямизнинг 31 йиллигини кенг нишонлашга катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
«Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатларининг кўргазмасини ташкил этиш» ва тарихан шаклланган Конституцияни кенг жамоатчиликка етказиш ишлари давом этмоқда. Ушбу кўргазма жорий йилнинг 7 декабрь кунигача давом этади. Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан ташкил этилди», – дейилади хабарда.
Шарҳлар