Конституциявий комиссия Қорақалпоғистондаги вазиятни кузатиб бормоқда

Одилжон Тожиев. Источник: Конституционная комиссия

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Конституциявий ислоҳотлар комиссияси матбуот котиби Одилжон Тожиев 1 июль куни оммавий намойишлар бўлиб ўтган Қорақалпоғистондаги вазият юзасидан баёнот берди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

«Конституциявий комиссия аъзолари ҳам вазиятни диққат билан кузатди, тармоқда янграётган фикрларни таҳлил қилиб борди», — деди у.

Тожиевнинг сўзларига кўра, “бир гуруҳ популистлар провакацион ҳаракатлар натижа беришидан умид қилиб, шиорбозликка берилиб, халқни кўчага чиқишга чорлаган”.

«Таъкидлаймизки, Конституциявий комиссия томонидан тақдим қилинган қонун лойиҳаси охир-оқибат Ўзбекистон халқининг, жумладан, Қорақалпоқларнинг ҳам орзу-интилишлари ифодаси бўлади. Оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришга уринган иғвогарлар қорақалпоқ халқининг умумий фикрини ифода қилмайди», — таъкидлади у.

Спикер ўринбосарининг айтишича, “ҳужжат тор доирада муҳокама қилинмаяпти, умумхалқ муҳокамаси ўтказилаяпти”.

«Шу омилнинг ўзиёқ давлатнинг очиқлик сиёсати, ҳар бир ишда халқ фикри билан ҳисоблашишини кўрсатади. Демократия ва ошкораликни оммавий тартибсизликка айлантириш қандай оқибатларга олиб келганига ҳозир ўнлаб мисоллаб келтиришим мумкин. Лекин, шусиз ҳам ҳаммасини ҳис қилиб турибсиз, деб ўйлайман».

Одилжон Тожиев комиссия ушбу ҳолатга доир расмий муносабатини беришига умид билдирди.

«Ҳозир эса қисқача қилиб бир гапни айтишимиз мумкин: халқ фикрини ифода қиладиган минбарлар, муҳокама майдонлари — провакаторларнинг ресурслари эмас. Биз бу вазиятга янада жиддий ёндашишимиз лозимлигини тобора равшанроқ тушунаяпмиз», — дея хулоса қилади у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.