Контрабанда йўли билан олиб келинган 78 кг. гиёҳвандлик воситалари фош этилди

Фото: Кадр из видео

Тожикистоннинг Панжикент тумани билан чегарадош бўлган Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбирда, гиёҳвандлик воситалари контрабандаси билан шуғулланувчи 1 нафар Тожикистон ва 6 нафар Ўзбекистон фуқароларидан иборат жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.

Гуруҳ аъзоларидан қўшни давлатдан айланма йўллар орқали олиб келинган 11 кг. 502 гр. “опий” моддаси процессуал тартибда расмийлаштирилган ва 2600 АҚШ доллари, 12 млн. 690 минг сўм ва 850 сомони ҳам ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилган. Аниқланишича, улар Тожикистондан келтирилган ушбу наркотикни Ўзбекистонда сотишни режалаштиришган.

 «Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида Қозоғистон Республикаси фуқароси тўхтатилиб, унинг юк сумкаси кўздан кечирилганида сумка ичидан 46 кг. 738 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланди», – дейилади  хабарда.

Шунингдек, тезкор тадбир давомида унинг жиноий шериги бўлган, Тожикистон фуқароси ҳамда ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланувчи, Ўзбекистон фуқароси ҳам ушланган. Улар мазкур гиёҳвандлик воситасини Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келишган бўлган.

Тошкент-Фарғона йўналишида ҳаракатланаётган “Gentra” русумли автомашина Поп тумани ҳудудида жойлашган ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилганида, Марғилон шаҳрида яшовчи, ака-укалар кетаётган автомашина салонида 19 кг. 885 гр. “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган. Улар муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган наркотик моддаларни олиб кетаётган бўлган.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.