Конвой бўлинмаларининг фаолиятида электрон браслетлардан фойдаланиш жорий этилади
Ўзбекистон президенти имзолаган фармонга кўра Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси ҳамда 2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси ва унинг “йўл харитаси” тасдиқланди.
2022 йил 1 майга қадар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ички ишлар органлари конвой фаолиятига конвой остидаги шахсларни электрон браслетлар орқали назорат қилиш тизими жорий этилади.
Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Жамоат хавфсизлиги департаменти ташкил этилади, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
– ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, комплекс таҳлил қилиш ҳамда уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш;
– жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этиш, жамоат жойларида аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари куч ва воситаларини самарали бошқариш чораларини кўриш;
– ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолиятини таъминлаш, профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдаги шахсларни ижтимоий мослаштириш ишларини ташкил этиш;
– вояга етмаганлар ва ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қисми билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш орқали улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;
– йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, транспорт воситасини бошқаришга доир чекловларга риоя этилишини назорат қилиш;
– озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этишни таъминлаш, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини назорат қилиш, ижтимоий мослаштириш ва қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш ишларини ташкил этиш.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари мажлисларида ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларининг ўринбосарлари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари томонидан ҳар чоракда жамоат хавфсизлиги юзасидан ҳисобот бериш, шунингдек, мазкур йўналишда кўрилаётган чораларнинг натижаларини танқидий муҳокама қилиб, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш амалиёти жорий этилади.
Республикада жамоат тартибини оммавий бузиш билан боғлиқ ҳолатлар юзага келганда ваколатли идораларнинг ҳаракатларини умумий мувофиқлаштириш вазифаси Департамент зиммасига юклатилади ҳамда унинг қошида ягона идоралараро бошқарув штаби ташкил этилади.
Департамент бошлиғи ички ишлар органлари томонидан амалга ошириладиган жамоат хавфсизлигини таъминлаш тадбирларининг ягона мувофиқлаштирувчиси ҳисобланади. Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари таркибига жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация хизматлари киритилади.
Шарҳлар