Корея Эксимбанки тиббий ускуналарни харид қилиш учун Ўзбекистонга 74 млн доллар ажратади
Ўзбекистон Президенти “Корея Экспорт-импорт банки билан ҳамкорликда “Ҳудудий тиббиёт муассасаларини тиббий ускуналар билан жиҳозлаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Корея Республикаси ҳукумати “Ҳудудий тиббиёт муассасаларини тиббий ускуналар билан жиҳозлаш” лойиҳасини амалга ошириш учун Корея Экспорт-импорт банкининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси ҳисобидан корейс вонларида жами 74 млн доллар эквивалентида 40 йил муддатга, шу жумладан 10 йиллик имтиёзли давр билан, Ўзбекистонга имтиёзли қарз маблағини ажратишни маъқуллади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 88,78 миллион долларни ташкил этади, шундан:
- 74 миллион доллар – қарз маблағлари;
- 14,78 миллион доллар – Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишга солиқ ва божхона имтиёзлари кўринишидаги ҳиссаси.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, ИРҲ жамғармасидан жалб қилинган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.
ИРҲ жамғармасининг қарз маблағларини қайтариш, шу жумладан қўшимча йиғимлар ва фоизлар билан боғлиқ харажатлар, бошқа тўловлар Ўзбекистон Республикаси бюджети ҳисобидан қопланади.
Лойиҳа доирасида сотиб олинадиган ва импорт қилинадиган товарлар (хизматлар) учун тўланадиган ҚҚС давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади. Бунда солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш ёки бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаш натижасида тежалган маблағлар Ўзбекистоннинг лойиҳага қўшган ҳиссаси сифатида ҳисобга олинади.
Шарҳлар