Ўзбекистонлик талаба корейс тили халқаро танловида ғолиб бўлди

Фото: ЎзА

Сеулда Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва “KBS” марказий телеканали томонидан ташкил этилган “Quiz on Korea 2024” корейс тили ва маданияти халқаро танлови бўлиб ўтди. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган мазкур тадбирда Ўзбекистон шарафини Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси Моҳира Эргашева муносиб ҳимоя қилди, деб ёзади ЎзА.

21 давлатдан келиб Корея тарихи, иқтисодиёти, ижтимоий тузуми, тили ва маданияти соҳасидаги билимини синовдан ўтказган истеъдодли талабалар орасида Ўзбекистон вакили ғолибликка эришди.

Ушбу танлов бу йил 13-бор ўтказилишидир. Унда Ўзбекистон вакиллари аввал ҳам муваффақиятли қатнашган. Моҳира Эргашеванинг натижасидан сўнг совриндорлар сафидан жой эгаллаган ўзбекистонлик талабалар сони уч нафарга етди. 2012 йил Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси Ҳулкар Эрдонова, 2022 йил эса Корея жамғармаси стипендияси дастури лойиҳа координатори Саъдулла Ибрагимов ҳам бош мукофотни қўлга киритган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.