Коррупцияга қарши курашиш агентлининг раҳбари: “Сўровда қатнашган ёшларнинг 39 фоизи пора беришни коррупция деб ҳисобламайди”
Ёшлар ўртасида ўтказилган сўровда респондентларнинг 39 фоизи пора беришни коррупция деб ҳисобламасликларини билдиришган. Бу ҳақда 4 август куни Сенатнинг ялпи мажлисида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий маъруза билан чиқиш қилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маълум қилди. Сўровда жами 16189 нафар респондент қатнашган, деб ёзади «Газета.uz» нашри.
Сенатор Маҳмуд Парпиевнинг айтишича, бу кўрсаткич соҳада жамоатчилик билан биргаликда амалга оширилиши лозим бўлган кўплаб ишлардан далолат беради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари амалга оширилган ишлар натижасида, коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланганини таъкидлади.
Transparency International ташкилотининг 2021 йилги коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 28 балл билан 140-ўринни эгаллади. Йил давомида мамлакат 6 поғонага кўтарилиб, натижаларини 2 поғонага яхшилаган — 2020 йилда 146-ўринни эгаллаган. 2019 йилда мамлакат 153-, 2018 йилда 158-, 2017 йилда 157-, 2016 йилда 156-ўринни эгаллаган.
У, шунингдек, World Justice Project халқаро ноҳукумат ташкилотининг ҳуқуқ устуворлиги индексида, очиқлик ва шаффофлик бўйича Open Data Inventory (ODIN) рейтингида, Trace Bribery Risk Matrix порахўрлик матрицасида ва Жаҳон Бошқарув сифати индикаторлари (Жаҳон банкининг WGI)да ҳам кўрсаткичлар яхшиланганини маълум қилди.
«Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда ушбу рейтингларнинг аксариятида Ўзбекистон барқарор ўсишни қайд этиб келаётган кам сонли давлатлардан бири», — дейди Акмал Бурхонов.
Шу билан бирга, амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, коррупция муаммоси мамлакатда ҳалигача долзарб бўлиб қолаётганинини қайд этди. Хусусан, аҳоли ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, 36 фоиз аҳоли коррупция, порахўрлик ва таъмагирлик ҳамма жойда мавжуд деб ҳисобласа, 37 фоизи айрим соҳаларда коррупцияга оид жиноятлар мавжуд, деган фикрда.
Шарҳлар