Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш учун қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди

15 ноябрь куни “Коррупцияга қарши курашда коррупция ҳақида хабар беришнинг ўрни ва таъсири” мавзусида ўтказилган сўровнома натижалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб лойиҳа доирасида ўтказилган “Коррупцияга қарши курашда коррупция ҳақида хабар беришнинг ўрни ва таъсири” мавзусидаги сўровнома натижалари тақдимот қилинди. Таъкидланганидек, сўровнинг асосий мақсади фуқароларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш билан боғлиқ тасаввурлари ва тушунчалари, шунингдек, масъул идораларга хабар беришдаги муаммолар, бу бўйича тўсқинлик қилаётган асосий омилларни баҳолашдан иборат.

Сўровда республиканинг барча ҳудудларидан 500 нафардан ортиқ респондент иштирок этган. Шунингдек, 10 та вазирлик ва идораларнинг 20 нафардан ортиқ ходими ўртасида ҳам аноним сўровлар ўтказилган. Сўровда иштирок этган респондентларнинг 74,0 фоизи коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришга ва 82,2 фоиз электрон платформа ёки мобил илова орқали хабар беришга тайёрлигини билдирган. Лекин коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бермасликнинг асосий сабаблари сифатида коррупциядан ўзлари манфаатдорлиги (19,8%) ва кимга мурожаат қилишни билмаслигини (20,4%) қайд этган.

Шу билан бирга, респондентларнинг 13,8 фоизи миннатдорчилик сифатида совға беришни оддий ҳол деб ҳисоблашини, 7,4 фоизи эса бундай ҳаракатларни коррупция ҳолати деб билмаслигини таъкидлаган.

Қайд этилганидек, сўровномада билдирилган таклиф ва мулоҳазалар коррупция ҳақида хабар бериш тизимининг янги механизмларини амалиётга жорий этишда, хусусан, “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишида ҳамда мурожаатларни қабул қилиш бўйича марказлаштирилган ягона электрон тизим фаолиятини йўлга қўйишда фойдаланилди.

Маълумот учун: Тизим Корея Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссияси томонидан ишлаб чиқилган “Clean Portal” (“Шаффоф портал”) платформасининг илғор ютуқлари, замонавий қулайликлари асосида ишлаб чиқилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.