Ўзбекистонда энг кўп коррупциявий жиноят содир этилаётган соҳалар маълум қилинди
2023 йилда республика бўйича судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари таҳлили коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келганини, коррупсияга оид жиноятлар сони Сурхондарё ва Андижон вилоятларида ортганини кўрсатди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида тақдим этилган миллий маърузада айтилади. Унда 2023 йилда мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар акс эттирилган бўлиб, улар тўғрисида мажлисда ахборот берилди.
Коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича судланган шахсларнинг аксарияти мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, тижорат банклари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳамда ҳокимликлар ходимлари ҳисобланади.
Шунингдек, ички назорат тузилмалар фаолиятини ташкил этишда айрим давлат идоралари томонидан камчиликларга йўл қўйилган.
Жумладан, ички назорат тизими жорий этилган давлат идораларининг 37 тасида ташкил этилган 996 та штат бирлигидан 172 таси (17,2 фоиз) вакант бўлса, 6 та ташкилотнинг 35 нафар ходимига қўшимча вазифалар юкланган.
Шу билан бирга, 20 та давлат ташкилотида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган, 13 тасида ички назорат тизими самарали фаолият кўрсатмаяпти.
Хусусан, Андижон ва Сурхондарё вилояти ҳокимликлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида атиги 5 та штат бирлигидан иборат (вазирлик марказий аппаратида) ички назорат тузилмаси ташкил этилган.
Шарҳлар