Рақобат қўмитаси “Korzinka” супермаркетлар тармоғига нисбатан иш қўзғади
“ANGLESEY FOOD” МЧЖ (“Korzinka” супермаркетлар тармоғи)га нисбатан иш қўзғатилди, деб хабар бермоқда Рақобат қўмитаси.
“Korzinka” супермаркетлар тармоғи томонидан турли хил усулларда тарқатилаётган реклама ахборотида “Кундалик харидларга энг арзон нарх”, “Энг арзон нарх – Korzinkaда”, “…Энг унумлисига келинг!” деган рекламасида фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган сўз жумлаларидан фойдаланилганлиги кузатилмоқда, дейилади хабарда.
Мазкур реклама ахборотида қайд этилган маълумотларни ўрганиш натижасида, акция доирасида кундалик эҳтиёжлар учун керак бўладиган маълум бир миқдордаги маҳсулотлардан иборат бўлган каталог жорий қилинганлиги маълум бўлган.
Шунингдек, ушбу каталогга киритилган маҳсулотларнинг нархлари турли супермаркетлар тармоғи ҳамда деҳқон бозорлардаги худди шундай маҳсулотларнинг нархлари бўйича ўтказилган мониторинглар натижасига кўра солиштирилганлиги ҳамда таққослаш учун ҳар бир товарнинг алоҳида эмас, балки саватнинг (каталогнинг) умумий нархи олинганлиги Қўмита томонидан аниқланган.
Хусусан, «энг арзон нарх» деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлари бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган ҳудди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги кузатилган.
Рекламанинг бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дейилиши мумкин, дейилади хабарда.
Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонуни 16-моддаси биринчи қисми ва Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси биринчи қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “ANGLESEY FOOD” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Шарҳлар