Костенко номидаги конда портлаш: Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентига ҳамдардлик билдирди
Астана вақти билан соат 16 га яқин тунда авария юз берган Костенко номидаги конда 32 нафар ҳалок бўлган кончининг жасади аниқланди, бу ҳақда “Власть” хабар қилади. 14 кишини қидириш давом этмоқда.
Кондаги портлаш ҳақида 28 октябрь куни эрталаб корхонага эгалик қилувчи “АрселорМиттал Темиртау” (АМТ) компаниясининг матбуот хизмати хабар берган.
“Тахминларга кўра, метан гази портлаган”, – дейилади хабарда.
Қасимжомарт Тоқаев бугун Қарағанда областига ташриф буюрди. У 29 октябрни миллий мотам куни деб эълон қилди. Шунингдек, Қозоғистон ҳукумати “АрселорМиттал Темиртау” давлат тасарруфига ўтказилишини эълон қилди. Кўмир саноати бошқармасининг раҳбари лавозимига ҳозирги Қарағанда области ҳокимининг ўринбосари Вадим Басин тайинланди. Корхонани давлатлаштиришнинг бошқа тафсилотлари ҳозирча номаълум.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси президенти Қасимжомарт Тоқаевга Костенко номидаги конда портлаш натижасида одамлар ҳалок бўлиши ва зарар кўриши муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Давлат раҳбари конда қолган кончиларнинг тезроқ қутқарилишига умид билдирди.
Шарҳлар