Имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирганлар қўлга олинди

Фото: Департамент

Марҳамат тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Z.T.” оилавий корхонаси раҳбари К.Т. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, ҳудудий тижорат банки филиалидан тикув дастгоҳлари ва мато сотиб олиш учун ажратилган 8 млрд сўм кредит маблағлари эвазига шартномада кўрсатилган ускуналарни олиб келмасдан, ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйилганлиги ҳақида сохта ҳужжатларни расмийлаштирган ва жуда кўп миқдордаги кредит маблағларини талон-торож қилган. Бу хақда Департамент матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Бундан ташқари, Андижон тумани  Департаменти томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Б.К”, “Г.М.” ва “B.B.” МЧЖлар раҳбарлпри Г.М. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, АТ “Халқ банки” томонидан ушбу МЧЖларга жами 2,2 млрд сўм имтиёзли кредити ажратилган ва ушбу маблағларга сотиб олинган ишлаб чиқариш дастгоҳлари ва қишлоқ хўжалиги техникаларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўймасдан, бошқа шахсларга сотиб юбориб, имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган”, – дейилади хабарда.

Департаментнинг Касби туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда туман ҳокимининг “М.” МФЙ бўйича собиқ ёрдамчиси Д.З. ва фуқаро А.Ш. ўзаро тил бириктириб, 4 нафар фуқаро номига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган жами 130,6 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари ҳам аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.