Кредитдан қарзи борларга фоизлар ҳисобланиши тўхтатилмоқда

Foto: Wer einen Kredit von der Bank will, muss Sicherheiten nachweisen.

Қонунчиликка кўра кредит қарздорлигига нисбатан кредит шартномасида кўрсатилган фоизлар, пул мажбуриятини бажармаганлик учун ҳисобланадиган фоиз ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов маълум қилган.

Унга кўра, жорий йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш юзаисдан суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, ушбу кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилди. Бу янги тартиб давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 4 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда назарда тутилган.

«Қарорда белгиланган вазифалар бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу борада фикр юритганда, жорий йил 27 февралда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим», – дейилади хабарда.

Бунга қадар кредит ташкилотларидан кредит олган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим объектив сабабларга кўра кредит тўловларини тўлаш кечиктирилган ёки улар қисман тўланган ҳолларда, кредит қарздорлигини узишнинг амалдаги тартибини такомиллаштириш зарурати юзага келганди. Шу сабабли янги қонун Фуқаролик кодексининг 744-моддасига кредит қарздорлигига нисбатан фоиз ва пенялар ҳисоблаш бўйича янги тартибни белгилашга қаратилган.

Эндиликда кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари ҳамда 734-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

«Амалдаги тартибга кўра, кредит ташкилоти кредит олувчи томонидан кредитни қайтариш интизоми бузилганда – шартнома ёки қонунда кўрсатилган ҳолатларда – кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундиришга ҳақлидир. Кредит ташкилоти кредит қарздорлиги суд қарори билан ундирилгандан сўнг ҳам кредит амалда қайтарилгунгача бўлган даврлар учун фоиз ва неустойка ундириш ҳуқуқига эга бўлган», – дейилади.

Эндиликда қонунчиликка киритилган қўшимчага кўра, суд қарори билан ундирилган кредит қарздорлигига нисбатан кредит шартномасида кўрсатилган фоизлар, пул мажбуриятини бажармаганлик учун ҳисобланадиган фоиз ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилмоқда.

Янги қонун нормаси шу йил 27 февралда қабул қилинган бўлса-да, унда қонуннинг орқага қайтиш кучи ҳам назарда тутилган. Гап шундаки, суд қарори билан ундирилган асосий кредит қарзига нисбатан фоиз ва неустойка ундириш 2024 йил 1 январидан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ қилинади.

Фуқаролик кодексининг 4-моддасида қонуннинг вақт бўйича амал қилиш қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида қонун у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилиши белгиланган.

Шу маънода суд қарори билан ундирилган кредитнинг асосий қарзига нисбатан 2024 йил 1 январдан бошлаб фоиз, неустойка ҳамда бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз ҳисобланиши тўхтатилади.

Айни чоғда суд қарори билан ундирилган суммага нисбатан фоиз ва неустойка ҳисобланмаслиги микроқарз муносабатларига нисбатан татбиқ қилиниши назарда тутилмаганини ҳам эслатиб ўтиш лозим.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.