Кучли таъсир қилувчи дори воситалари муомаладан олиб қўйилди

Фото: Department_uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Х. ноқонуний даромад орттириш мақсадида Гулобод кўчасида фуқаро М.Ю.га жами 180 дона “Редуксин Лайт” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу хақда Департамент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шу каби, Департаментнинг Жиззах шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Н-Ш” хусусий корхонаси раҳбари С.Х. ушбу корхона дорихонасида ҳеч қандай ҳужжатсиз 20 дона “Бензонал” ва “Карбамазепин” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини харидорларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

“Департаментнинг Миробод туман бўлими томонидан туман ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Ж.М. “Чиғатой Дарвоза” МФЙ ҳудудида фуқаро Н.Х.га 10 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган”, – дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.