Кучли таъсир қилувчи дори воситалари муомалага киритилишининг олди олинди

Фото: Department_uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.С. жами 173 дона “Зардекс” ва “Фенобарбитал” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини “Мустақиллик” МФЙ ҳудудида ўтказиш мақсадида олиб келган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда Департамент матбуот хизмати хабар беряпти.

Шу каби, Департаментнинг Қоракўл туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “S.T.” МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси М.Б. харидорга ҳеч қандай ҳужжатсиз 20 дона “Габатен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтида ушланиб, дорихонадан жами 106 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

«Департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, “Қ.С.” МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси А.Р. ҳеч қандай ҳужжатсиз 40 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро Н.Р.га сотган вақтида ушланиб, дорихонадан жами 60 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган», – дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Навоий вилояти ва Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида ҳам қўлга олинган дори воситалари тўғрисида хабар қилгандик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.