Кучли таъсир қилувчи дорилар манзилига етказилмай қолди

Фото: Божхона матбуот хизмати

Бу борада Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш тезкор ходимлари, ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда ИИБ ЙПХ ходимлари мунтазам фаолият олиб бориб, қатор ҳолатларни аниқламоқда, қўлга олмоқда. Шундай тадбирлардан бири Тошкент шаҳар, Бектемир туманида ўтказилди, деб хабар бермоқда Божхона бошқармаси матбуот хизмати.

Тадбир давомида “Шарқ” ЙПХ масканида тезкор кузатувга олинган фуқаро бошқарувидаги “Ласетти” русумли, автоулов тўхтатилиб, унда йўловчи сифатида келаётган фуқаро Юсуповнинг танасига боғлаб қўйилган пакет ичида 100 дона “Тропикамид” ва 336 дона “Лирика” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган.

«Фуқаро Юсуповнинг кўрсатмасига асосан ушбу дори воситалари фуқаро Мадалиевга тегишли бўлганлиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб фуқаро Мадалиев бошқарувида бўлган “Ласетти” русумли автоулов “Шарқ” ЙПХ масканига кириб келганида тўхтатилиб, ёнидаги буюмлари текширилганда, эгинидаги ички кийими ичидан 54 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди», – дейилади хабарда.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида жами 100 дона “Тропикамид”  336 дона “Лирика” ҳамда 54 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иш қўзғатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.