Кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган воситаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Республикамиз божхоначилари томонидан кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний йўллар билан олиб кирилишига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати ёзмоқда.
Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган воситаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
«Тошкент вилояти, Тошкент тумани худуди бўйлаб харакатланиб кетаётган олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди», – дейилади хабарда.
Натижада, автомашинанинг юкхонаси ва салонида хорижда ишлаб чиқарилган, сифати ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 95 млн сўмлик 380 қутида жами 11 400 дона таркибида “сибутрамин” кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган вазн йўқотиш учун мўлжалланган 3 хил турдаги кофе махсулотлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар