Kun.uz ташкил этган дебатда коррупцияга қарши кураш масаласи кўтарилди
“Kun.uz” веб-сайти томонидан юртимизда фаолият юритаётган 5 та сиёсий партия вакиллари иштирокида ташкил этилган дебат илк маротаба Ўзбекистондаги энг кўп кузатувчига эга онлайн нашр платформасида ўтказилгани билан аҳамиятли бўлди.
Бир неча раунддан иборат бўлган дебатда аҳоли учун долзарб бўлган масалалар муҳокама қилинди. Дебатнинг 2-раундида бутун дунёни ташвишга солаётган масала – коррупцияга қарши курашишда партиялар томонидан қандай аниқ ташаббуслар илгари сурилаётгани тўғрисида спикерларга савол берилди.
Ҳар бир партия вакили коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз партиясининг ташаббусини содда ва тушунарли тилда сайловчилар эътиборига етказа олди.
ЎзЛиДеП вакили давлат хизматларини рақамлаштириш, келажакда 40% давлат хизматларини хусусий секторга ўтказиш ҳамда электрон хизматлар улушини кенгайтириш орқали коррупцияни камайтиришни мақсад қилингани, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегияни ишлаб чиқишни режалаштиришаётганини таъкидлаб ўтди.
МТДП вакили коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунлар ва чора-тадбирлар билан чекланиб қолмаслиги, бунда инсоннинг миллий қадриятларга асосланган тўғри тарбиясига ҳам эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, партия коррупцияга қарши кенг жамоатчиликни жалб этиш, қонун устуворлигини таъминлаш ташаббусларини илгари сураётганлигини маълум қилди.
Экопартия вакили дарахтлар кесилиши, қурилиш соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали коррупция ҳолатларининг олдини олиш, шаҳарларда қурилиш ишларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш механизмларини қонунчиликка киритиш юзасидан партия ташаббусларига тўхталди.
ХДП вакили коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар реестрини юритиш ва уларнинг давлат хизматига киришини чеклаш, коррупцияга оид мурожаатларни кўриб чиқиш ва натижаларини эълон қилишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ташаббуси илгари сурилаётганини қайд этиб ўтди.
“Адолат” СДП вакили коррупция фактларини “дастлабки ўрганиш” механизмини жорий этиш, давлат бюджети даромадлари ва харажатларини шаффоф қилиш, давлат харидларига оид қонунчиликни такомиллаштириш ва бюджет жараёнларини рақамлаштириш орқали коррупцияни олдини олиш асосий вазифа сифатида белгиланганини маълум қилди.
Жавоблардан барча партиялар коррупцияга қарши курашишга жиддий эътибор қаратишгани, аммо уларнинг ёндашувлари бир-биридан фарқ қилишини кузатиш мумкин.
Сиёсий партияларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича аниқ режа ва ташаббуслари мавжуд экани диққатимизни тортди. Кузатамиз, ушбу йўналишда партиялар томонидан қандай чоралар амалга оширилади.
Мирсултон Мирзараҳматов,
Ёшлар парламенти аъзоси
Шарҳлар