Тошкент аэропортида учиб кетаётган йўловчилар учун кутиш ҳудуди кенгайтирилди

Foto: Uzbekistan Airports

Тошкент халқаро аэропорти учиш залининг “стерил” ҳудуди яна 2000 квадрат метрга кенгайтирилди, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports. Янги майдон кутиш залининг чап томонида, “Art Bazar” савдо нуқталаридан кейин очилди.

Лойиҳага кўра, ушбу залда ўриндиқлар билан жиҳозланган кенг кутиш ҳудуди ҳамда “фуд-корт” ташкил этиш кўзда тутилган. Айни пайтда E-auksion.uz платформасидаги савдолар натижаларига кўра иккита компания билан шартномалар тузилди, улардан бири аэропортда “The Border by Teriyaki” ресторанини, иккинчиси ўз ҳудудида тўртта брендни: “Hardee’s”, “Pizza Hut”, “La Croissanterie”, “Pinkberry”ларни бирлаштиради.

Тез орада ресторанларнинг қурилиши бошланади. Ҳозирча “фуд-корт” учун моʻлжалланган жойлар тез орада иш бошлайдиган брендларнинг логотиплари туширилган баннерлар ортида яширинган. Ҳозирда янги залда машҳур “Caffelito” тармоғининг қаҳва бурчаги жойлашган бўлиб, у ерда йўловчилар учун иссиқ ва совуқ ичимликлар, ширинликлар ва пишириқлар мавжуд.

Қўшимча залнинг қурилиши умумий жўнаш залини B5-B6-B7 чиқиш йўлаклари билан улаш имконини берди. Бундан ташқари, келажакда келаётган ва кетаётган йўловчилар оқимини ажратиб турувчи алоҳида галерея ва пастки залдан бортга чиқиш йўлакларини очиш мумкин бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.