Ўзбекистон ва Кувайт ҳукуматлари ўртасида йирик лойиҳалар амалга оширилиши мумкин
ТИВда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси Мунира Аминова ва Кувайт Ташқи ишлар вазирлигининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Аҳмед ал-Илаж ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилади “Дунё” ахборот агентлиги.
15-21 октябрь кунлари Кувайт ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Суҳбат чоғида Кувайт томони Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегациянинг 12-14 август кунлари Кувайтга ташрифи якунларини юқори баҳолади ва музокаралар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёрлигини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланаётгани алоҳида қайд этилди. Пойтахтимизда кувайтлик тадбиркорлар делегацияси иштирокида бизнес-форум муваффақиятли ўтказилди. Улар ҳамкорликда янги ўсиш нуқталарини топишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Шунингдек, кувайтлик инвесторларни Ўзбекистон иқтисодиётига фаол жалб этиш мақсадида икки давлат ҳукуматлари ўртасида йирик лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Шарҳлар