Кузги аллергиянинг шамоллаш ва гриппдан қандай фарқи бор
Аксириш, кўз ёшланиши ва қичиши, бурун оқиши, йўтал каби симптомлардан куз мавсумида азият чекувчи беморлар сони бирмунча кўпаяди. Аммо фақат шу аломатларнинг ўзи ЎРВИ ёки гриппга чалинганингизни англатмайди.
Юртимизда сентябрь, октябрь ва баъзан ноябрь ойларида ҳам нисбатан иссиқ ҳарорат кузатилади. Агар шу даврда ёғингарчик бўлмаса, ўсимлик чангчалари ўз аллергик хусусиятини сақлаб қолади. Бу юқорида саналган аломатларни келтириб чиқарувчи биринчи сабаб ҳисобланади.
Иккинчидан, салқин кунлар бошлагач, замбуруғ споралари ёмғирдан кейин ҳавога юқори концентрацияда кўтарилади. Бунинг оқибатида замбуруғга нисбатан аллергик ҳолатларнинг оғир формалари учрайди.
Замбуруғ споралари энг кўп учрайдиган манба — дарахт ва буталардан тўкилган япроқлар. Бундан ташқари, аллергенлар зах ёки моғорлаган хоналар ҳамда ертўлаларда ҳам кузатилади.
Салқин об-ҳаво муҳити уй чангларининг кўпайиши учун ҳам қулай. Бундай шароитда аллергенлар концентрацияси ортиб, аллергик ринит, конъюнктивит ёки астма белгилари кучаяди. Бу, айниқса, яхши исимайдиган ва зах хоналарда кўпроқ кузатилади.
Аллергияни қўзғатувчи яна бир манба — уй ичидаги чанг тўпловчи жиҳоз ва анжомлар — гилам ва тўшамалар, ёстиқлар, девор қопламалари, юмшоқ мебеллар ва ўйинчоқлар ҳамда китоблардир.
Мавсумий аллергияга мойил одамларнинг тахминан ярми ит, мушук сингари уй ҳайвонлари юнгидан азият чекади.
Тўғри, кузги аллергия белгилари ЎРВИ ва грипп аломатлари билан ўхшаш. Аммо уларни қуйидаги фарқли жиҳатлар ажратиб туради.
Масалан, шамоллаш ва грипп белгилари вирус қўзғатувчиси билан алоқа қилгандан сўнг маълум муддат ўтиб пайдо бўлади. Аллергия аломатлари эса дарҳол юзага келади.
Шамоллаш ва грипп симптомлари одатда 3-14 кундан сўнг йўқолса, аллергик реакциялар бир неча ойгача давом этиши мумкин. Қолаверса, аллергия чоғида тана қақшамайди, иситма чиқмайди.
Аллергия белгилари кузатилган беморлар ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилишлари тавсия этилади. Хусусан, тиббиёт марказиларда бундай касалликларга илғор диагностика усуллари ва замонавий тиббий технологиялар орқали аниқ ташхис қўйиш ҳамда самарали даволаш йўлга қўйилган.
Шарҳлар