Тошкентда квартира сотиб олувчилар катта пулга алданиб қолишди
Тошкент шаҳар ИИББга бир нечта фуқаролар ариза билан мурожаат қилиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар учун тўловни амалга оширганлиги, бироқ МЧЖ томонидан шу кунга қадар хонадонлар топширилмаганлиги сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Аниқланишича, 1977 йилда туғилган Шарипов Обид “MAX-HOUSE-GROUP” МЧЖни ташкил қилиб, ўзининг шериклари 1982 йилда туғилган Осимов Ахтам ва 1989 йилда туғилган Самандаров Азизбеклар билан бирга бир нечта фуқароларга нисбатан фирибгарлик содир этган.
«О.Шарипов МЧЖ номидан Учтепа ва Чилонзор туманларида қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонларни сотишлигини маълум қилиб, фуқаролардан хонадонлар учун тўловларни қабул қилиб олган», – дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми («Фирибгарлик») билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида А.Шариповга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Гумонланувчилар А.Самандаров ва А.Осимовлар терговдан қочиб яширинганлиги сабабли, улар қидирувга берилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Фуқаролардан ушбу шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлса Тошкент шаҳар ИИББнинг қуйидаги рақамларига мурожаат қилиши сўралган.
- 71-206-42-28,
- 71-206-49-46
- 102
Шарҳлар